07:49 / 13.11.2017
6067

Лос-Анжелесда фахрий “Оскар”лар топширилиши маросими бўлиб ўтди

Фото: Reuters/Mario Anzuoni

12 ноябрда Америка киносанъати академияси кинематографга қўшган ҳиссаси учун фахрий “Оскарлар” эгалари номларини маълум қилди. The Hollywood Reporter нашрининг хабар беришича, фахрий “Оскар”лар топширилиш маросими Лос-Анжелесдаги кўнгилочар мажмуалардан бирида ёпиқ тарзда ўтган.

“Оскар”лар канадалик актёр Дональд Сазерлендга (“20-аср”, “Жонни қўлига қурол олди”), америкалик режиссёр Чарльз Бёрнеттга (“Блюз”, “Ойнаванд қалқон”), кинооператор Оуэн Ройзманга (“Телетармоқ”, “Тутси”) ҳамда сценарийнавис Аньес Вардага ("Париждаги сўнгги танго", "Бахт") топширилди.

Махсус мукофот мексикалик режиссёр, “Бёрдмэн” (2015) ва “Омон қолган” (2016) фильмлари учун кетма-кет икки марта “Оскар”ни қўлга киритган Алехандро Гонсалес Иньярритуга виртуал реаллик форматида суратга олган “Тана ва қум” фильми учун берилди. Фильмда Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтувчи муҳожирлар ҳақида сўзланган.

 

Top