Жаҳон | 12:30 / 03.09.2025
2689
2 дақиқада ўқилади

Суд Трампнинг Лос-Анжелесга қўшин киритганини ноқонуний деб топди

Калифорния штати федерал суди АҚШ президенти Доналд Трамп ва мудофаа вазири Пит Ҳегсетни 19-асрда қўшинлардан мамлакат ичкарисида фойдаланишни чекловчи қонунни бузган деб топди.

Фото: Jose Luis Gonzalez / Reuters

Калифорния шимолий округи федерал суди АҚШ маъмуриятининг муҳожирларга қарши рейдларга қарши норозилик намойишлари фонида Лос-Анжелесга АҚШ Миллий гвардияси ва денгиз пиёда аскарларини жойлаштириш қарорини ноқонуний деб топди. Бу ҳақда 2 сентябр, сешанба куни CNN телеканали хабар берди. Судя Чарлз Брейер президент Доналд Трамп ва мудофаа вазири Пит Ҳегсет 1878 йилда қабул қилинган, айрим истиснолардан ташқари, полиция ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш мақсадларида ички ишларда ҳарбийлардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни бузган деб қарор қилди.

Суд Калифорнияда ҳибсга олиш, тинтув қилиш, патрул қилиш ва кўчаларни тўсиш учун ҳарбийлардан фойдаланишни тақиқлади. Бироқ Трамп маъмуриятига апелляция шикояти бериш учун вақт бериш мақсадида ушбу қарорнинг кучга кириши 12 сентябрга қолдирилди. ОАВ маълумотларига кўра, Вашингтон ҳозирданоқ суд ҳукмини президентнинг конституциявий ваколатларини чеклаш деб ҳисоблаб, устидан шикоят қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Даъво Калифорния губернатори, Демократик партия вакили Гевин Нюсом томонидан берилган. Унинг таъкидлашича, ҳарбийлар Лос-Анжелесда ўз ваколатларидан ташқарида бўлган полиция функцияларини бажарган. Суд бу далилларга рози бўлди. Губернаторлик маълумотларига кўра, штат аҳолиси «Трампнинг шаҳарни ноқонуний ҳарбийлаштиришига жавоб қайтаришга» эришган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид