19:40 / 16.11.2017
20818

Иштихонда машиналарни очишга ихтисослашган гастролёр ўғрилар ушланди

Самарқанд вилояти ички ишлар идоралари томонидан жиноятчиликка қарши курашишда турли тезкор чора-тадбирлар кўрилмокда. Иштихон туман ИИБ жиноят-қидирув бўлинмаси томонидан ўтказилган «Тузоқ» ва «Тун» тадбирлари давомида бир неча жиноятлар қайноқ изидан фош этилишига эришилди. Натижада, айрим ўғрилик жиноятларига гумондор шахслар қўлга олинди, деб хабар беради KUN.UZ’га вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Жиноят иштирокчиларининг бири — С.С. Самарқанд шаҳар «Хадича Сулаймонова» МФЙ Буюк Ипак йули кўчасида кўп қаватли уйларни бирида яшаркан. 27 ёшли, ўрта-махсус маълумотига эга, ҳали уйланмаган бу шахс муқаддам ЖК 104-моддаси билан судланиб ҳам чиққан. «Авто эҳтиёт қисмлар бозори»да савдо қилади. Улардан яна бири, 24 ёшли, К.Р. ҳам Самарқанд шаҳрининг «Меҳробод» маҳалласи Бобур кўчасида яшаб, маҳалла посбони (!) бўлиб ишлар экан. Уларнинг учинчи шериги Х.Д. — 28 ёшда. У ҳам Бобур кўчасида яшайди. Оилали, бир нафар фарзанди бўлиб, автобазаларнинг бирида ҳайдовчилик қилади.

Бу кимсалар ҳозирда қилмишига иқрор бўлишдан бош тортаётган бўлишса-да, аммо улар 2017 йил 9 ноябрь куни соат тахминан 20:00 ларда Иштихон шаҳри ҳудудидан ўтувчи М37 «Бухоро-Самарқанд» автомобиль йўлининг «Муҳаммад ота» ошхонаси яқинида турган, фуқаро Улуғбек Мамадиев бошқарувида бўлган «Нексия» русумли, давлат рақами 30 367 RAA бўлган автомашина салонини ва орқа юкхонасини очиб, у ерда бўлган қимматбаҳо нарсаларини ўғирламоқчи бўлган вақтларида туман ИИБ ходимлари томонидан қўлга олиниб, ўғирлик жиноятларини охиригача етказа олишмади.

Улардан 1 дона пўлат чизғич (линейка) далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олиниб, гуруҳ аъзоларининг ҳар бирларининг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун туман ИИБ тергов бўлимига тақдим этилиб, уларга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи ҳал қилинмоқда.

Ҳолат юзасидан воқеа жойини кўздан кечириш давомида «Нексия-2» русумли 30 367 RAA давлат белгили автомашинасидан жами 17 та бармоқ излари ҳам олинди.

Воқеага гувоҳ бўлган шахс ҳам гумондорлар йўлнинг нариги томонидан ўтиб келиб, «Нексия» машинасини тунашга уринишганини айтиб берди.

Бундан ташқари, гумондорларнинг бири бошқараётган кулранг «Спарк» русумли, автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда салондан 2 дона ҳар бири 30 смдан бўлган зангламас пўлатдан чизғич ҳамда автомашина эшигини очиш учун қўлбола усулда махсус ясалган 3 дона илгакли симлар ҳам далилий ашё сифатида олинди.

Жиноий гуруҳ Иштихон тумани ва қўшни туманларда шунга ўхшаш ҳозирги кунга қадар очилмасдан қолаётган бир қанча жиноятларга алоқадорлиги бўйича олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, 2017 йил 6 ноябрь куни кечаси соат 21:00лар атрофида Иштихон шаҳри ҳудудидан ўтувчи М37 «Бухоро – Самарқанд» автомобиль йўли четидаги «Муҳаммад ота» ошхонаси яқинида жойлашган фуқаро Улуғбек Муҳаммадович Мамадиев бошқарувида бўлган Иштихон тумани Қўнғирот қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳазрат Жўрақулович Мусурмоновга тегишли бўлган оқ рангли «Нексия-2» русумли, давлат рақами 30 G 753 МA бўлган автомашинасининг ўнг томон олд эшигини қўлида бўлган 30 см темир чизғич билан очиш йўли орқали автомашина салони орқа колонкаси олдида бўлган 750.000 сўм пул ҳамда салон ичидаги ғаладондаги 500.000 сўм, қўл тормози олдида турган 100.000 сўм — жами 1.350.000 сўм пулни яширин равишда талон-тарож қилган. Ўғирланган пулларни ўзаро келишиб учга тақсимлаб олган.

Бундан ташқари, 2017 йил 16 октябрдан 17 октябрга ўтар кечаси Самарқанд шаҳар Амиршоҳ кўчаси 29-уйда яшовчи Ж.Акрамовнинг Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси 48-уйнинг ертўласида жойлашган офиси эшигини бузиб, офис ичида бўлган темир сейф ичидан 8.500.000 сўм пул, «Аcer» русумли ноутбук, бир дона «GBL» русумли карнайни ўғирлаб кетишгани;

14 октябрдан 15 октябрга ўтар кечаси Самарқанд шаҳар А.Соний кўчаси 24-уйда яшовчи Мамадиёров Жаҳонгирга тегишли бўлган оқ рангли «Нексия» русумли давлат рақами 30 О 787 DА бўлган автомашина ичидан 650.000 сўм пул ва автомашинанинг ҳар хил ҳужжатларини ўғирлаб кетишгани маълум бўлди.

Ҳозирги вақтда ушбу гуруҳнинг вилоят ҳудудида очилмасдан қолаётган бошқа ўғирлик жиноятларига алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмокда.

Top