10:29 / 17.11.2017
4598

Volkswagen Хитойда электромобиллар ишлаб чиқаришга 10 млрд долларлик сармоя киритмоқчи

Фото: EPA

Германиянинг Volkswagen автоконцерни Хитойда электромобиллар ишлаб чиқаришга катта миқдорда сармоялар киритишни режалаштирмоқда. Компания кейинги 7 йил ичида Хитойда электромобил ва гибридлар ишлаб чиқаришга киритилган квотани бажариш учун янги электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқаришга 10 млрд евро сармоя киритади.

Бу ҳақда 16 ноябрда Volkswagen’нинг Хитойдаги бўлими раҳбари Йохем Хайцманн Гуанчжоудаги автомобиллар кўргазмасида маълум қилди. 

2025 йилгача концерн бозорга 40 та янги моддел чиқаришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, Volkswagen Хитойдаги меъёрларга мос келиш учун 2020 йилгача ҳар йил чиқарадиган электромобиллар сонини 400 мингтагача ошириши керак. 

Хайцманн Volkswagen ўз ҳамкорлари билан электромобилларга квоталарни бажаришига ишонч билдирмоқда. Бу квоталарга кўра, 2019 йилгача Хитойда ҳар бир автоконцерн ишлаб чиқарган умумий машиналарининг 10 фоизи электромобиллар ёки гибрид автомобилларга тўғри келиши керак. 2020 йилда бу квота 12 фоизни ташкил қилиши кўзда тутилган.

Компания тўлиқ электрлаштирилган автомобиллар учун гибридларига нисбатан кўпроқ балл олади. Кўпроқ масофани боса олувчи муқобил автомобиллар учун қўшимча баллар кўзда тутилган. Агар корхона белгиланган меъёрларни бажара олмаса, бошқа компаниядан баллар харид қилиши ёки жарима тўлаши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг Германияга расмий ташрифи доирасида “Ўзавтосаноат” АК ва Volkswagen AG концерни ўртасида JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасида Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳани 2018-2019 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
 

Top