Хўш, охирги 3 йилда электромобиллар бозорида қандай ўзгаришлар бўлди? Охирги ярим йилда пасайган нархларнинг кейинги динамикаси бўйича қанақа кутилмалар бор?

Бу каби саволларга “Did Motors” автосалони раҳбари, автоблогер Дилшод Абдуллаев, “AJ Motors” автосалони таъсисчиси Жамшид Қосимов ва савдо директори Акмал Зиёев, “King Motors” автосалони раҳбари, автоблогер Хуршид Маҳамадов жавоб беришди.

— Охирги вақтларда электромобилларга талаб динамикаси қанақа бўлди?

Дилшод Абдуллаев: Бошида сал камроқ эди, одамлар чўчиди. Бизда ҳамма жойда ҳам ток кучланиши 220 волт эмас. Лекин ҳозирги кунга келиб талаб жуда ошган, чунки бензин муаммоси, кўпчилик газда навбатда туришдан чарчагани учун тўлиқ электромобилга ўтиб кетяпти. Узоқ йўлга юрадиганлар эса гибрид – ҳам токда, ҳам бензинда юрадиган автомобилларни харид қилишяпти.

Жамшид Қосимов: Талаб динамикасида анча ўсиш бор. Бунга асосий сабаб – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet автомобилларига рақобатбардош автомобиллар кириб кела бошлади. Ўзбекистонда ёқилғи – бензин, газ муаммоси қийинлашиб бориши оқибатида электромобилга талаб ошмоқда. Энди шаклланиб бораётган соҳа бўлгани учун бу фақат ўсишда давом этади.

Хуршид Маҳамадов: Динамика ҳар доим ўсишга қараб кетяпти, чунки бу янгилик. Электромобил бозоримиз ҳали бўш, бензинли машиналарга солиштирганда 10 фоизга ҳам етмадик. Талаб йилдан йилга ўсиб боради.

2024 йилда талаб қандай бўлади деб ўйлайсиз?

Дилшод Абдуллаев: Албатта, ошади деб ўйлайман, чунки бутун дунё шу нарсага ўтяпти. Энг қиммат спорт машиналар ҳам, двигател билан дунё рекордларини урган Ferrari автомобиллари ҳам электромобилларга ўтяпти. Ўйлайманки, Ўзбекистонда ҳам электромобиллар кескин кўпаяди. Бу ҳавога ҳам фойда бўлади. Одамлар бензин, газ қуйишдан барибир чарчаган.

Хуршид Маҳамадов: Бензин нархи қимматлашиб боряпти, одамлар электрни танишни бошлаяпти. Ён-атрофидаги одамлар оляпти, улардан маслаҳатлашишяпти. Ҳаққоний фикрларни ҳайдовчилардан олишяпти.