Ўзбекистон | 14:01 / 25.04.2024
8307
3 дақиқада ўқилади

Ҳокимликлар ҳашаматли машиналар «Меҳр дафтари» жамғармаси ҳисобидан харид қилинаётганини рад этди

Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари янги автомобиллар «Меҳр дафтари» жамғармасидан харид қилинаётганини инкор этди. Бу давлат харидлари порталида маълумотларни кўрсатишдаги техник хатолик билан боғлиқ бўлган.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Бир қатор ҳокимликлар етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағларини янги автомашиналар сотиб олишга сарфлаётгани ҳақида хабар берилганди. Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳолатга изоҳ берди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовга кўра, давлат харидлари порталида маълумотларни кўрсатишда техник хатолик юз берган бўлиши мумкин.  

«Ушбу ҳолатда техник хатолик юз берган бўлиши мумкин. Вилоят ҳокимлиги харид қилган гибрид транспорт воситалари президентнинг 2022 йил 19 декабрдаги (ПҚ-443) қарори асосида халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2024 йил 16 февралдаги К/24-сонли қарори қабул қилиниб, унга асосан маҳаллий бюджетнинг 2024 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан харид қилинган. Яъни автомобиллар хариди учун «Меҳр дафтари» жамғармасидан маблағ ўтказилмаган.

Ушбу автомобиллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган меъёрлар амал қилган ҳолда харид қилинган», дейилади ҳокимлик изоҳида.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан ҳам муносабат эълон қилинди. Унда ҳам «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағлари электромобил сотиб олиш учун ишлатилгани рад этилади.

«Улар давлат харидлари порталида маълумотларнинг нотўғри кўрсатилишини сайтдаги камчилик билан боғлади ва тез орада камчилик тўғриланишига умид билдирди.

Бухоро вилояти ҳокимининг 2023 йил 14 декабрдаги фармойишига асосан, вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 (бир) дона BYD Song Plus Champion русумли электромобил харид қилиш бўйича давлат харидлари элекрон портали орқали ғолиб «CHINA GROUP» МЧЖ билан 412 млн сўмга шартнома имзоланиб, автомашина харид қилинган. Яъни ушбу харид белгиланган тартибда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида амалга оширилган ва бунда «Меҳр дафтари» жамғармаси маблағларидан фойдаланилмаган», дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги изоҳида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид