13:00 / 22.11.2017
21180

Бенземанинг қайтиши ва Роналдунинг рекорди. 5-турдан кейин гуруҳларда қандай вазият?

«Трибуна» Европа Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичида сешанба оқшомида ўтказилган 5-тур ўйинларини сарҳисоб қилади.

E гуруҳи
Испания жанубида жазирама

Севилья – Ливерпуль – 3:3
Голлар: Бен Йеддер, 51, 60 - пенальти. Писарро, 90+3 – Фирминьо, 2, 30. Мане, 22

Куннинг энг қизиқарли учрашуви Севильяда ўтказилди. Испания жанубида жойлашган бу шаҳар кўчалари ўйин куни икки жамоа мухлислари билан тўлиб тошди. Улар ким зўрроқ тўполон кўтариш бўйича баҳсга киришиб кетишганди.

Мухлисларнинг ташаббуси майдонда футболчилар томонидан ҳам давом эттирилди. Икки бўлим икки хил кечди. Биринчи бўлимда «Ливерпуль» тўлиқ устунлик намойиш этди ва майдон эгаларининг ҳар хатосини гол билан жазолай бошлади. Фирминьо ва Мане эгизак голлар уришди. Фирминьо бўлим охирида марказий ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб яна бир бор дарвозани ишғол этди.

Танаффусда мезбонлар устози Эдуардо Бериссо ўз футболчиларини руҳлантириш учун шундай деди: «Биз энди рақибга ўз майдони ҳудудидан чиқишга изн бермаслигимиз керак. Тузатилмайдиган хато йўқ».

Майдонга бошқача куч билан қайтган испанлар тезда иккита жавоб голи йўллашди. Иккинчи бўлимнинг 15 дақиқаси ичида Бен Йеддер дубль қайд этишга улгурди.

Шундан сўнг Клопп жамоаси ўзига кела бошлади ва ҳужумкор ўйин намойиш этди. Клопп ўз фаолиятида «Севилья»ни илк марта енгишга яқин келганди (у «Боруссия» ва «Ливерпуль» бошқарувида бу клубга қарши шу вақтгача 6 ўйин ўтказиб, 3 мағлубият ва 3 дуранг қайд этганди) аммо статистика ўзгармасдан қолди. Писарро ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда учинчи голни урди. Испанчасига айтганда «ремондату».

Ўша-ўша «Спартак»

Спартак - Марибор 1:1 (0:0)
Голлар: Зе Луиш (Мельгарехо), 82 – 1:0. Мешанович (Таварес), 90+2 – 1:1.

«Спартак» бу ўйинда фаворит эди. Учинчи турда «Севилья»га қарши ўйиндаги йирик ғалабадан кейин кўпчилик «Спартак» бу гуруҳдан чиқишини башорат қила бошлаганди. Аммо кейинги турда сафарда «Севилья»га 3 очкоси қайтариб берилгач, вазият ўзгарди. 5-турда эса гуруҳ аутсайдери устидан ғалаба қозониб, москваликлар яхши имконият ҳосил қилишлари мумкин бўлганди. Аммо русларни муваффақиятдан бир дақиқа ажратиб қолди - 1:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қолишга интилган Массимо Каррера жамоаси охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборди ва энди бу жамоа Европа Лигаси ҳақида қайғурса ҳам бўлади.

Лекин Е гуруҳида ҳамон кейинги босқич масаласини ҳал қилган жамоа йўқ. Бу гуруҳда охирги турда интрига кўп.

6 декабрь: Марибор - Севилья, Ливерпуль - Спартак.

F гуруҳи
«Неаполча» тортиқ

Наполи – Шахтер – 3:0
Голлар: Инсинье, 56. Зелиньски, 81. Мертенс, 83

«Неапол»да турнирдаги иштирокни давом эттириш учун ягона имконият қолганди – «Шахтёр» итальянларни 6 очколик фарқ билан ортда қолдирганди, қолаверса Неаполдаги ўйиннинг биринчи бўлими «кончилар»нинг тўлиқ устунлиги остида кечди. Аммо «Неапол» иккинчи бўлимда ўзига келди. Пепе Рейна қатор вазиятларда жамоани қутқаравергач, «Шахтёр»нинг иштиёқи сўнди ва шу заҳоти Инсинье шедевр гол урди. Кейин яна икки гол ва 3 очко.

Энди итальянлар ва украинлар ўртасидаги фарқ 3 очкога қисқарди, охирги турда «Неапол» «Фейеноорд» майдонига сафар қилиши, шунингдек, «Манчестер Сити» «Шахтёр» майдонида зафар қучишига умид қилиши керак бўлади. Шунда, ўзаро учрашувлардаги устунлик эвазига «Неапол» кейинги босқичга ўтиши мумкин.

Дангаса етакчи

Манчестер Сити - Фейеноорд - 1:0
Гол: Стерлинг, 88

Барча ўйинларда ғалаба қозониб, гуруҳ масаласини 4 турдаёқ ҳал қилган «Манчестер Сити» барча ўйинларда мағлуб бўлиб келаётган «Фейеноорд»га қарши тўп сурди. Бу ўйин инглизларнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан тугаши кутилганди, аммо Гвардиола бу ўйинга аралаш таркиб туширди ва фақат охирги дақиқаларда Раҳим Стерлинг урган гол майдон эгалари ғалабасини таъминлади. Кичик ҳисобдаги ғалабадан кейин «Манчестер Сити» турнирда юз фоизлик натижа қайд этаётган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. «Фейеноорд» эса турнирда ҳали ҳам биронта очко олмаган уч жамоадан биридир («Андерлехт» ва «Бенфика» билан бирга).

Гвардиола катта эҳтимол билан охирги турга ҳам иккинчи таркибни туширади ва гуруҳдан украинлар иккинчи ўринни олган ҳолда чиқишади.

6 декабрь. Фейеноорд - Наполи, Шахтёр - Манчестер Сити.

G гуруҳи
Тарихий дуранг

Бешиктош - Порту 1:1
Голлар: Талиска, 41 - Фелипе, 29

Бу рўй берди - «Бешиктош» тарихда илк бор ЕЧЛ плей-офф босқичига чиқди. Истанбулликлар «Порту»га қарши ўйинда камида дурангга эришиши керак эди ва минимум вазифа бажарилди. Ўйиндаги голлар биринчи бўлимда урилди, аввалига меҳмонлар вакили Фелипе ҳисобни очганди, кўп ўтмасдан Талиска ҳисобни тенглаштирди.

Туркларнинг Чемпионлар лигасида уй учрашувларидаги мағлубиятсиз серияси давом этади (13 учрашув - 5 ғалаба ва 8 дуранг). Қолаверса, «Бешиктош» Туркия чемпионатида 2 йилдан буён ўз майдонида ютқазмаяпти (2015 йилнинг 29 ноябридан буён). Шу билан бирга «қора бургутлар» португал жамоаларига қарши ғалабасиз сериясини давом эттирди (3 дуранг ва 2 мағлубият).

«Бешиктош» Туркиянинг ЕЧЛ плей-офф босқичига чиққан учинчи жамоасига айланди, бунгача «Фенербаҳче» ва «Галатасарой» клублари ҳам турнирнинг гуруҳ босқичидан ўтганди.

«Катта қимор»

Монако - Лейпциг - 1:4
Голлар: Фалькао, 43 – Жемерсон - автогол, 6. Вернер, 9, 31 - пенальтидан. Кейта, 45)

«Лейпциг» ўзига келмоқда. Немислар жамоаси Монте-Карло казиносида барчасини ўртасига тикишди ва барчасини ютиб олишди. «Луи II» стадионидаги учрашувнинг 30-дақиқасига келибоқ ўйинда ҳисоб 0:3 кўринишига етганди. 6-дақиқада Жемерсон ўз дарвозасига гол уриб қўйди, кейин Тимо Вернер дублни расмийлаштирди.

Танаффус арафасида Фалькао биттагина жавоб голи йўллади.

Аммо ўйиннинг қолган қисмида ўтган мавсум ярим финалчиси яна битта гол ўтказиб юборди, Наби Кейта ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди - 1:4.

Натижада, немислар гуруҳда «Порту»га етиб олди, «Монако» эса турнирни тарк этиши, ҳатто Европа Лигасида иштирокини давом эттирмаслиги аниқ бўлди. Чемпионлар Лигасида илк бор қатнашаётган «Лейпциг» эса гуруҳдан чиқиш учун имконият сақлаб қолди.

6 декабрь. Лейпциг - Бешиктош, Порту - Монако.

H гуруҳи
Омад ороли

АПОЭЛ – Реал – 0:6
Голлар: Модрич, 23. Бензема, 39, 45. Начо, 41. Роналду, 49, 54.

Оғир дамларни бошдан кечираётган «Реал»нинг жонига АПОЭЛ оро кирди. Бу ўйинда мадридликлар йирик ҳисобда ғалаба қозониб, мухлислар олдида ўзларини оқлашди, қолаверса, бу ўйин жамоанинг гол урмас бўлиб қолган ҳужумчилари учун бурилиш нуқтасига айланди. Шу вақтгача ички чемпионатда биргаликда икки гол урган Роналду ва Бензема жуфтлиги бу ўйинда ҳар бири иккитадан гол урди. Аммо ички чемпионатда «Барса»дан 10 очко ортда қолган мадридликлар Чемпионлар лигасида ҳам «Тоттенҳэм»ни олдинга ўтказиб юборган. Ўтган турда ушбу жамоа майдонида кечган ўйинда «Реал» 2012 йилдан бери илк марта Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олганди. «Реал» Кипрдаги ўйинда мавсумдаги энг йирик ғалабасига (6:0) эришди ва гуруҳда иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқадиган бўлди.

«Қироллик клуби» охирги вақтларда жуда кам гол ураётганди, аммо Кипр ороли Роналдуга ва бошқа жамоадошларига омад келтирди. Португалиялик ҳужумчи Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида урган голлари сонини 8 тага етказди. Никосиядаги ўйинда ҳисобни Модричнинг узоқдан берган зарбасидан кейин урилган гол очиб берганди – бу гол хорватиялик футболчи учун 2016 йил сентябридан бери урилган илк гол бўлди; Яна бир голни Начо урди.

Бундан ташқари, Роналду Чемпионлар лигасида битта клуб сафида урилган голлар сони бўйича Лионель Мессини ортда қолдирди.

Дортмунд, гудбай

Боруссия Д – Тоттенҳэм – 1:2
Голлар: Обамеянг, 31 – Кейн, 48. Сон Хин Мин, 76

Қаторасига 5 йил Чемпионлар лигаси плей-офф босқичларида иштирок этиб келган «Боруссия» сешанба оқшомида кечган ўйиндан кейин турнирни эрта тарк этиши аниқ бўлди. Муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал этиб бўлган «Тоттенҳэм» дортмундликларни сафарда ҳам мағлуб этиб, бу жамоанинг охирги умидини ҳам пучга чиқарди. Немислар ўз мураббийи Петер Босга совға тайёрлай олишмади – у шу куни 54 ёшга тўлганди. Обамеянг ўйин аввалида гол уриб ҳисобни очган бўлсада, биринчи бўлимнинг ўзида Кейн ва Сон Хин Мин урган голлар инглизлар ғалабасини таъминлади. «Тоттенҳэм» энг кучли гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритди.

«Боруссия» ҳозирча Европа Лигасидаги иштирокни ҳам кафолатлай олмади – немислар бу йўлланма учун АПОЭЛ билан рақобатлашади, икки жамоада ҳам 2тадан очко мавжуд, тўплар нисбати немисларда яхшироқ, аммо охирги турда «Боруссия» «Реал»га қарши ўйнайди.

6 декабрь. Реал - Боруссия Д, Тоттенҳэм - АПОЭЛ.

Шу тариқа, ҳозирга келиб «Бешиктош», «Реал», «ПСЖ», «Бавария», «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» клублари навбатдаги босқич масаласини ҳал қилишди.

Top