Жаҳон | 23:06 / 04.12.2017
9952
2 дақиқада ўқилади

Time журнали “Йил одами” унвони учун номзодларни маълум қилди

Фото: © AP Photo / J. David Ake

АҚШнинг Time журнали ўз талқини бўйича “Йил одами” унвонини олиш учун 10 нафар финалчи номини маълум қилди. 

Рейтингдан Amazon асосчиси, миллиардер Жефф Безос, намойишлар бўйича рекордлар ўрнатган “Мўъжиза-аёл” фильми режиссёри Пэтти Женкинс, АҚШда полициянинг қаттиққўллигига қарши норозилик сифатида АҚШ мадҳияси янграган вақтда туришдан бош тортган, американча футбол ўйинчиси Колин Каперник ўрин олган.
Рейтингга киритилган сиёсатчилар орасида Хитой раиси Си Цзиньпин, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва АҚШнинг “Россия иши” бўйича махсус прокурори, ФҚБнинг собиқ раҳбари Роберт Мюллер бор.

Рўйхатга, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам киритилган. Бироқ у аввалроқ журналнинг иккинчи марта “Йил одами” бўлиш таклифидан воз кечган.  

Нашр, шунингдек, рўйхатга Dreamers (Орзумандлар) деб аталувчилар – АҚШга ноқонуний келган ота-оналари томондан олиб келинган ёшлар ҳаракатини ҳам киритган. Уларнинг депортациясини чекловчи дастур Трамп маъмурияти томондан бекор қилинди. 

Рейтинг финалчилари орасидан New York Times нашри таниқли кинопродюсер Харви Вайнштейннинг аёлларга шилқимлиқ қилиши бўйича тергов натижаларини чоп этгандан кейин вужудга келган Me Too ҳаракати ҳам ўрин олди.

Ғолиб 6 декабрда маълум қилинади.

Time талқини бўйича “Йил” одами 1927 йилдан бери ҳар йили аниқлаб келинади. 1950-йилларгача бу унвонга аниқ шахслар лойиқ топилган, бироқ кейинроқ бу ном мавҳум шахсларга ҳам берилган. Собиқ иттифоқ фуқароларидан Иосиф Сталин (2 марта), Никита Хрушчёв, Михаил Горбачев, Юрий Андропов, кейинчалик эса Россия президенти Владимир Путин бу унвонга лойиқ топилган.

Мавзуга оид