17:40 / 06.12.2017
80372

Бош прокуратура эшак гўшти бўйича расмий баёнот берди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкентда гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона эшак гўшти ишлатмоқчи бўлгани юзасидан расмий хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар ва Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Хоразм вилоятидан Тошкент шаҳрига 69,6 кг эшак гўшти пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган «GOLD PREMIUM PRODUCT» МЧЖга қарашли “Шаршара” номли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига ўтказиш учун олиб келинганлиги аниқланган. 

Мавзуга доир: Тошкентдаги гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона эшак гўшти ишлатмоқчи бўлгани фош қилинди

«Шунингдек, ушбу гўшт цех ишчилари томонидан бошқа гўшт маҳсулотларига қўшилганлиги аниқланиб, цехда мавжуд бўлган 275 кг гўшт маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган», - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тегишли мутахассисларнинг хулосасига кўра, олиб қўйилган гўшт маҳсулотлари истеъмолчиларнинг соғлиги ва ҳаёти хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Хабарда кўрсатилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда айбдор шахсларни жавобгарликка тортишга қаратилган зарур тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top