09:40 / 07.12.2017
8537

Тожикистоннинг ЕОИИга қўшилишга қизиқиши тобора пасайиб бормоқда

Тожикистон фуқароларининг республика Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши бўйича қизиқиши тобора пасайиб бормоқда. Шунга қарамай, Тожикистон бу бирлашмага қўшилишга доир ижобий тахминлар ҳиссаси бўйича етакчи бўлиб қолмоқда, дейилади Евроосиё тараққиёт банкининг «ЕОТБ – 2017 интеграция барометри» тадқиқотида.

Тожикистон ижобий тахминлар улуши бўйича етакчи бўлиб қолмоқда, бироқ бу ерда баъзи жиҳатлар бор. Агарда 2012 йилда Тожикистон аҳолисининг 76 фоизи ўз мамлакатининг Евроосиё интеграция бирлашмасига қўшилиш тарафдори бўлган бўлса, кейинги йилларда бундай қўллаб-қувватлов кўрсаткичи аста-секин пасайиб борди, 2017 йилда эса 69 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, 2017 йилда Тожикистон фуқароларининг 18 фоизи ЕОИИга бепарво муносабатда бўлган бўлса, 10 фоизи жавоб беришга қийналди ва атиги 2 фоизи қарши чиққан.

Таъкидланишича, Тожикистон ҳозирча ЕОИИга кириш бўйича энг яққол номзод бўлиб турибди.

«Бироқ шуниси аниқки, республика аҳолисининг Иттифоққа бўлган қизиқиши аста-секин пасаймоқда, бу интеграция жараёни иштирокчилари томонидан алоҳида эътиборга лойиқдир», - дея ҳисоблайди тадқиқот муаллифлари.

Тожикистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласи республика ҳукумати томонидан қарийб уч йилдан бери кўриб келинади.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизмати раҳбари Абдуфаттоҳ Ғойиб жорий йилнинг июлида ўз маҳкамаси ходимларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ «ЕОИИга қўшилиш бўйича масалани ҳар томонлама ўрганиб чиққани», ижобий хулосага келгани ва бу хулосани республика ҳукуматига топширгани ҳақида журналистларга хабар берди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ноябрь ойи охирларида Бокудаги ADA Университетида нутқ сўзлаб, «айни дамда Тожикистоннинг ЕОИИга қўшилиш имконияти кўриб чиқилаётгани» ҳақида хабар берганди.

Айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар орасида Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия бор.

Top