14:40 / 12.12.2017
15347

Антон Филиппов терма жамоани можароли тарзда тарк этди. Шахмат федерацияси муносабат билдирди

Фото: Facebook

Ўзбекистон шахмат федерацияси ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Антон Филипповнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишига расмий муносабат билдирди.

«Ҳар бир спортчи учун ўзи туғилиб ўсган мамлакат шарафини ҳимоя қилиш улкан шарафдир. Профессионал спортга қадам қўйган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, шубҳасиз, ўз олдига халқаро ареналарда ватан шаъни, миллат ғурури учун курашишни мақсад қилиб қўяди. Буни у жар солиб эълон қилмайди. Вақти келиб, муносиб ёшларга ўрнини бўшатиб бераётганда ҳам.

Анчадан буён шахмат бўйича миллий терма жамоа чақирувларига рад жавобини бериб келаётган Антон Филиппов эса, терма жамоадан кетишини негадир «сенсация» тарзида эълон қилишга жазм этди.

Антон Филиппов Ўзбекистон терма жамоасини тарк этиши тўғрисида олдин ҳам, яъни 2013 йили ўтказилган Ўзбекистон шахмат федерацияси ижроия қўмитаси йиғилишида ҳам билдирган эди. Ўшанда Филиппов агар ҳар йили унга 6000 АҚШ доллари миқдорида пул тўланмаса, терма жамоани тарк этишини маълум қилганди. Албатта, Федерация ушбу «ультиматум»га жавобан, шахматчи имкон доирасида рағбатлантирилишини маълум қилган, жумладан, унинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун Тошкент-Олмаота-Тошкент ва Олмаота-Шаржа-Олмаота йўналиши бўйича авиачиптаси пули тўлаб берилган эди.

Антон Филипповнинг миллий терма жамоа аъзосига тўланадиган компенсация берилмагани учун миллий терма жамоани тарк этишини маълум қилгани қизиқ ҳол, албатта. Чунки, шу йилнинг сентябрь ойига қадар унга ушбу компенсация тўлаб келинди. Савол туғилади? Антон Филипповга миллий терма жамоа рўйхатида бўлиш келгуси мақсадларини амалга ошириш учун халақит беряптими? Нима учун бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ва Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбариятини ёзма равишда огоҳлантирмасдан, айнан интернет саҳифаларида бу қарорини эълон қилмоқда?

Антон Филиппов Ўзбекистонда спортга, жумладан, шахматга берилаётган эътибор тўғрисида заррача ҳам маълумотга эга эмас кўринади. Унинг халқаро гроссмейстер даражасига эришишида давлатимиз уни халқаро спорт мусобақаларига юбориб келгани катта рол ўйнагани ёдидан кўтарилган кўринади.

Акс ҳолда, «6000 АҚШ доллари бермасаларинг, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмайман», дермиди?! Бунинг асл сабаби, ҳозирги вақтда Қозоғистонда истиқомат қилаётгани ва Қозоғистон фуқароси Виктория Сергеевага уйлангани эмасмикан?

Айтиш лозимки, кўплаб халқаро гроссмейстерларимиз хорижий давлатларда ишлаб, ўз мураббийлик маҳоратини ошириб келмоқда. Кўпчилиги ҳозирги вақтда Ўзбекистонга қайтиб мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Уларнинг ҳеч бири томонидан ҳеч қачон Ўзбекистон шахматига хизмат қилиш борасида эътирозлар билдирилмаган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахмат жадал ривожланмоқда. Республикамизда кўплаб халқаро мусобақалар ташкил этилмоқда. Юртимиз спортчилари деярли ҳар бир Осиё ва Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун юборилмоқда. Спортчиларимиз маҳоратини ошириш учун давлатимиз томонидан кўплаб шароитлар яратиб берилмоқда.

Антон Филиппов 2016 йили терма жамоа сафида Осиё миллатлар кубоги мусобақасида ҳамда 2017 йили Ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган V Осиё ўйинларида иштирок этишдан бош тортди. Айтиш лозимки, Осиё ўйинларида терма жамоамиз рапид ва блиц йўналишларида 5-ўринни эгаллади. Эҳтимол, ушбу таркибда Антон Филиппов ҳам бўлганида терма жамоамиз бунданда юқори натижаларга эришган бўларди?

2017 йилги Г.Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнирда унинг иштирок этиши Федерация учун қувончли янгилик бўлганди. Федерация томонидан Антон Филипповнинг мусобақа даврида меҳмонхонада яшаш ва овқатланиш харажатлари тўлаб берилиши маълум қилинган. Худди хорижлик меҳмон гроссмейстерларга бўлгани сингари. Лекин Антон Филиппов Қозоғистондан Ўзбекистонга келиши ва Қозоғистонга қайтиб кетиши учун авиачипта билан таъминлашни сўради. Халқаро мусобақанинг смета харажатларида ўзбекистонлик гроссмейстерлар учун фақат яшаш ва овқатланиш харажатлари назарда тутилган. Спортчининг Олмаотаданми, қаердандир Тошкентга – ўз юртига  келиб кетиши харажатлари кўзда тутилмаган. Бундан олдин ҳам, яъни 2013-2014 йиллардаги Агзамов хотира турнири даврида яшаш ва овқатланиш харажатлари Федерация томонидан тўлаб берилган эди.

Хуллас, Ўзбекистон давлати, жумладан, Ўзбекистон шахмат федерацияси доимо Антон Филипповни қўллаб-қувватлаб келган. У эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилишдек шарафдан воз кечар экан, уни «мажбурлаб» терма жамоада ушлаб қолишдан маъни йўқ. Мамлакатимиз истеъдодларга бой. Бугунги ўзбек шахмати куч-қудратини кўрсатиб беришга қодир Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдоров сингари келажаги порлоқ ёш шахматчиларимиз бор. Улар яқин кунларда Ўзбекистон терма жамоаси сафида халқаро мусобақаларда Ватанимиз шаънини муносиб равишда ҳимоя қилишларига ишонамиз», дейилган билдиришномада.

6 декабрь куни Антон Филиппов Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун яратилган шароитлардан нолиб, мамлакат терма жамоаси сафида халқаро турнирларда иштирок этмаслигини маълум қилганди

Ундан аввалроқ, ноябрь ойи охирида у ўз саҳифаси орқали терма жамоа аъзолиги учун тўланадиган стипендиядан маҳрум этилгани ҳақида ёзганди.

«Мен Ўзбекистон терма жамоасидан кетдим. Мен учун бу қарорни қабул қилиш осон кечмади. Мени терма билан жуда кўп нарса боғлаб турарди. Орзулар, истаклар, умидлар... Буларга эътибор бермаслик кераклигига ўзимни ишонтира олмадим.

2012 йил фаолиятимнинг чўққиси бўлганди. Мен рейтингда энг кучли 100 та шахматчи сафига кирдим ва шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон термасига кумуш медаль олиб бердим. Аммо расмий шахсларнинг ҳеч бири мени табрикламади, менинг муваффақиятим ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса ёзмади.

Бир қанча вақт ўтиб Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳеч қандай моддий қўллаб-қувватлашсиз профессионал карьерамни давом эттиришда маъно кўрмаётганим ҳақида ёздим. Мени ижроий қўмитага чақиришди, у ерда терма жамоанинг ҳар бир иштирокчиси учун халқаро турнирларга боришга авиачипталар олиб берилишини айтишди. Кейинроқ, мен ҳудудий турнирда ғолиб чиқдим ва Жаҳон Кубогида иштирок этдим, Олмаота ва Барселонадаги турнирларда қатнашдим. Менга энг арзон чипта учун пул беришди ва бошқа тўловлар кейинроқ бўлишини ваъда қилишди.

Мен турнирларда фаол иштирок этишни тўхтатдим ва эътиборимни кўпроқ мураббийлик фаолиятига қаратдим. Ўтган йили Бокудаги Олимпиадада муваффақиятли қатнашдим. Шу йилнинг майида эса менда Агзамов хотирасига бағишланган турнирда иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Мен гроссмейстерлар учун стандартдаги шароитларни яратиб беришларини сўрадим. 

Ўзбекистон шахмат федерацияси эса шундай жавоб қайтарди: «Биз сизни Агзамов хотира турнирида кўришдан мамнун бўламиз ва турнир давомида яшаш ва овқатланиш учун шароитларни тақдим этамиз.

Аммо бюджетимизда ўзбекистонлик иштирокчиларга авиачипталар олиш масаласи кўзда тутилмаган».

Ўз мамлакатимизда бизга хорижий гроссмейстерлар учун яратилаётган шароит яратиб берилмасди. Ўшанда мен ўзимни бунга эътибор бермаслик кераклигига ишонтира олгандим.

Энди мени стипендиядан маҳрум қилишди. Ойига қанча эди, аниқ билмайман. Туркия ёки Хорватия лигаларидаги биргина иштироким учун оладиган гонорарим миқдори ўша стипендиянинг 3-4 йиллиги миқдорига тенг. Ёки бу стипендия «Шахмат дунёси» мактабининг 1 кунлик ижара пулини қоплашга етади. Аммо стипендия менинг истеъдодим ва меҳнатларим учун расман миннатдорчилик белгиси эди.

Юқорида қоралаганларим, умид қиламанки, ўзбекистонлик шахматчиларга бўлган муносабатни бирмунча ўзгартиради. Термадаги жамоадошларим ва менга кўмак берган инсонларга чексиз ҳурмат билан», дея ёзганди Антон Филиппов.

Шахматчининг постлари фейсбук фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинди. Фикр билдирганларнинг аксари шахматчининг истеъдодини эътироф этган ва у бундай вазиятга тушиб қолгани учун афсус билдиришганди.

Айни вақтда 31 ёшда бўлган Антон Филиппов халқаро спорт устаси ҳисобланади. У 12, 14 ва 16 ёшлилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатларида ғолиб чиққан. Филиппов Ўзбекистон термаси сафида 2004—2012 йиллар давомида 4 марта Олимпиадаларда иштирок этган, 2005 ва 2007 йилларда Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган.

Top