Жамият | 11:28 / 16.12.2017
41179
2 дақиқада ўқилади

15-асрда туғилгани тахмин қилинаётган 500 ёшли акула ушланди

Фото: INSTAGRAM/@JUNIEL85

Олимлар Шимолий Атлантикада баъзи баҳолашларга кўра, 1505 йилда туғилган акулани ушлаб олишди. Шу тариқа тутилган акула умуртқали жонзотлар орасида яшаш давомийлиги бўйича мутлақ рекордчи бўлиши мумкин. 

Тутилган акула гренланд ёки қутб акулалари турига мансуб бўлиб, бу турдаги акулалар йилига ўртача бир сантиметр ўсади ва энг узоқ умр кўрувчи умуртқали жонзотлар ҳисобланади. Улар ўртача 272 йил умр кўради, деб ёзмоқда Sun нашри. Тутилган акуланинг узунлиги тахминан 5,4 метрни ташкил қилади, унинг ёши эса радиоуглерод таҳлил ёрдамида аниқланган. У 272 йилдан 542 йилгача умр кўрган бўлиши мумкин.

Фото: INSTAGRAM/@JUNIEL85

Гренланд акулалари асосан балиқлар билан озиқаланадилар, бироқ уларнинг ошқозонларида буғу ва от қолдиқлари ҳам аниқланган. Исландияда бу акулалар гўшти деликатес ҳисобланади. Бироқ бу гўштни махсус тарзда тайёрлаш лозим, чунки у заҳарли бўлиши мумкин. 

Тутилган акула ДНКсининг ўрганилиши олимларга гренланд акулаларининг узоқ умр кўриши механизмини ва улар бошқа умуртқали жонзотлардан нималари билан фарқ қилишини тушунишга ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, бу акулалар ўзига хос “вақт капсуласи” ҳисобланади: уларни ўрганиш инсоният цивилизациясининг океанларга таъсири даражасини тушунишга имкон бериши мумкин.

Фото: INSTAGRAM/@JUNIEL85

Қуруқликда яшовчи жонзотлардан энг узоқ умр кўрувчилар тошбақалар ҳисобланади. Улар 250 йилдан кўпроқ яшаши мумкин.