Жаҳон | 17:00 / 20.12.2017
12821
2 дақиқада ўқилади

Владимир Жириновский яна президентлик сайловида қатнашади

Фото: Глеб Щелкунов / Коммерсантъ

ЛДПР (Россия либерал-демократик партияси) 31-съездида Владимир Жириновский номзоди Россия президентлиги учун сайловга илгари сурилди. ТАСС хабарига кўра, унинг номзоди бир овоздан маъқулланган.

Шу тариқа, Владимир Жириновский олтинчи марта Россия президентлиги учун сайловда иштирок этади. У бунгача 1991, 1996, 2000, 2008 ва 2012 йилги сайловларда ҳам номзод бўлган.

Партиядагилар иккинчи турга ўтишни мақсад қилишган.

18 декабрь куни Россияда президентлик кампаниясига расман старт берилди. 

Партиялардан номзодлар ва мустақил даъвогарлар қурултойлар ёки ташаббус гуруҳлари йиғилишларида илгари суриш жараёнини бошлашлари ҳамда МСКга керакли ҳужжатларни топширишлари мумкин.

Ҳужжатлар 27 декабрь кунидан 31 январь кунига қадар қабул қилинади. Барча 67 партия вакиллари президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Марказий сайлов комиссияси 18 март кунига белгиланган овоз бериш жараёнини ташкил этиш учун бюджетдан пул олишни бошлади. Бу мақсадларга 14,807 миллиард рубль сарфлаш режалаштирилмоқда.

Президентлик лавозими учун ўз номзодини қўйиш режасига эга экани ҳақида шу вақтгача 23 киши, жумладан, амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам маълум қилганди. У сайловларда мустақил номзод сифатида иштирок этади. Бундан ташқари, телебошловчи Ксения Собчак, журналист Екатерина Гордон, «Яблоко» етакчиси Григорий Явлинский ўз номзодини қўйишни мўлжаллаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид