Жамият | 10:26 / 28.12.2017
16622
4 дақиқада ўқилади

Ҳисобчининг қилмишлари

Учкўприк туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг бирида 2011-2014 йилларда бюджет маблағларининг сарфланиши ҳужжатли тафтишдан ўтказилганда жиддий қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, жиноят иши қўзғатилади. Мавжудахон Сапарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноий жавобгарликдан қочиб, 2015 йил февраль ойида яширинча хорижга чиқиб кетади. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшайди. Унга нисбатан қидирув эълон қилинади ва 2017 йил май ойида ушланган М.Сапарованинг иши судда кўрилди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

- Ҳамма ишни бир ўзим қилганман, - деди айбига тўлиқ иқрор бўлган судланувчи. – Мактабимиз директори менга ишонгани туфайли бу ишларимдан бехабар бўлган. Ундан муҳрни ҳар хил баҳона билан олиб қалбаки тўлов ҳужжатларига муҳр босганман. Директорнинг имзосини ўхшатиб қўйганман...

Мактаб ҳисобчиси М.Сапарова ходимлар, ўқитувчилар ўзига ишониб топшириб қўйган пластик карточкаларга иш ҳақларига нисбатан кўпроқ маблағларни ўтказдириб, ортиқча пулларни ўзлаштириб олаверади. 2011 йил мобайнида ўзининг ва 38 нафар ходимнинг пластик карточкаларига иш ҳақларига нисбатан жами 29 млн. 168 минг сўм ортиқча ўтказилган пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Юқоридагидек йўсинда 2012 йилда 34 нафар ходимнинг пластик карточкаларига ортиқча ўтказган 93 млн. 824 минг сўм, 2013 йили 29 нафар ходимнинг карточкаларига ортиқча тушириб олган 72 млн. 881 минг сўм, 2014 йилда 10 мактаб ходими ва ишдан бўшаб кетган 4 нафар шахснинг пластик карточкаларига 29 млн. 781 минг сўм ноқонуний ортиқча ўтказилган пулларни шахсий эҳтиёжлари учун харжлайди. Бундан ташқари, 27 та ҳолатда умуман ҳомиладорлик таътилига чиқмаган ходимларнинг пластик карточкаларига ноқонуний равишда ўтказдириб олган 31 млн. 235 минг сўм пулларни ҳам жиғилдонига уради. Тўрт йил мобайнида жами 266 млн. 134 минг сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказади.

- Тергов давомида зарарнинг ўрнини қоплагани маблағим йўқ эди, - деди судланувчи. – Бошқача йўлларни ахтардим. 2014 йилнинг декабрь ойида мактаб компьютерида зарар қоплангани ҳақида сохта топшириқномаларни ёзиб қоғозга кўчирганман. Ишончли бўлиши учун туман ғазначилик бўлимининг мутахассислари хонасига кириб, улардан иш ҳақлари тўлов топшириқномасига босиб оламан, дея муҳрларни сўраб олганман. Алдаб олган муҳрни зарарни қоплашга пул ўтказилгани тўғрисидаги сохта тўлов топшириқномаларига босганман. Зарар ўрни қопланиб, жазодан қутулиб қолишга умид боғлагандим. Бироқ, мен ўйлагандек бўлмади. Шундан кейин, ноқонуний йўл билан қўлга киритиб, сарфлаб юборилган пулларнинг ўрнини қоплашга кўзим етмасдан, чет элга қочиб кетдим.

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам ошкор бўлади деганларидек, М.Сапарованинг найранглари ўтмади. Текширишларда унинг қилмишлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фош этилди.

Ўзига ишониб топширилган давлат мулкини кўп миқдорда ўзлаштириш, растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатларни сохталаштириш, била туриб сохта ёзувлар киритиб тақдим этиш каби жиноятларни содир этган М.Сапаровага суд озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Етказилган зарар ундириладиган бўлди.

Қонунларга сингдирилган, жамиятга хос инсонпарварлик, адолат тамойиллари шу шахсга ҳам қўлланилди. Эълон қилинган амнистияга мувофиқ тайинланган жазо муддати учдан бир қисмга қисқартирилди. Шунингдек, судланувчи М.Сапаровага тайинланган жазо, унинг 2016 йил февраль ойида туғилган фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилди.

Мавзуга оид