23:17 / 28.12.2017
13503

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари 50дан зиёд мамлакатга етказиб берилмоқда

Тўқимачилик ва тикиш-трикотаж саноатида кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Тармоқ корхоналарида тор ихтисосликлар бўйича мавжуд эҳтиёжлар юзасидан инвентаризация ўтказилади ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, шунингдек тармоқ касб-ҳунар коллежлари муаллифларининг маълумотлар базаси яратилади. Мазкур олий ўқув юрти билан ҳамкорликда тармоқ учун йигириш, тўқиш, тикиш, бўяш ва безатиш каби йўналишлар бўйича мутахассисларни етказиб бериш ҳамда корпоратив бошқарув корхоналарида меҳнат қиладиган тажрибали техникларни тайёрлаш учун иқтисодчи-лойиҳаловчи мутахассисларни тайёрловчи қисқа муддатли (сиртқи ва кечки) курсларни ташкил қилиш режалаштирилмоқда. 

28 декабрда тўқимачилик ва тикиш-трикотаж саноатининг жадал ривожланишига бағишланган матбуот анжуманида қатнашган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, тадбирда Ўзбекистоннинг 2017 йилга мўлжалланган Инвестицион дастури ва 2017-2020 йилларда тўқимачилик ва тикиш-трикотаж саноатини янада ривожлантириш Дастури соҳани юксалтириш учун дастуриламал бўлгани таъкидланган.

2017 йилда соҳадаги корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда янги қувватларни ишга туширишга йўналтирилган 34 та инвестицион лойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 356,9 миллион долларга тенг бўлиб, экспорт салоҳияти 151,7 миллион долларни ташкил қилди. 

Шунингдек жорий йилда 1,16 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кутилаётгани қайд этилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг 50дан зиёд давлатига етказиб берилмоқда. Юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар улуши 40 фоиздан ортиқни ташкил қилди. 2017 йил бошида юртимизда 293 та экспорт қилувчи корхона мавжуд бўлган бўлса, йил якунларига кўра, уларнинг умумий сони 350 тага етади. Айни вақтда, дунёнинг турли мамлакатларида фаолият юритаётган 64 та савдо уйининг саъй-ҳаракатлари соҳанинг экспорт кўрсаткичларини янада оширишга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон тўқимачилик ва тикиш-трикотаж саноати корхоналари Ассоциацияси яқин истиқболда Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285 сонли фармонини амалга ошириш бўйича муайян қадамлар қўяди. Бу эса Uztextile ягона белгиси остида тўқимачилик ва тикиш-трикотаж саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини бир неча баравар оширишга имкон яратади. 

Top