Немис компанияси Ўзбекистонда Lufthansa учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди
9-12 январ кунлари Германиянинг иқтисодий марказларидан бири бўлган Франкфурт-Майн шаҳрида HEIMTEXTILE – 2024 дунёдаги нуфузли халқаро тўқимачилик кўргазмаси бўлиб ўтди.
"Дунё" хабарига кўра, 60 дан ортиқ мамлакат иштирок этган тадбирда мамлакатнинг ГФРдаги дипломатия ваколатхоналари ташаббуси билан Ўзбекистон Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси кўмагида мамлакат 20 та етакчи тўқимачилик корхонаси 200 квадрат метрга эга майдонга жойлаштирилган Made in Uzbekistan миллий стендида ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Кўргазма доирасида Европанинг нуфузли компаниялари билан сармоявий ва экспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида бир қатор B2B учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувлардан кўзланган мақсад Европанинг кўплаб корхоналарини Ўзбекистонга кенгроқ жалб этиш ҳамда экспорт шартномаларини кўпайтириш бўйича аниқ таклифларга эришишдир.
Langheinrich пахта толаси ва текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш компанияси раҳбари Буркҳард Оелга кўра, 1832 йилда ташкил этилган ушбу фирма 190 йиллик тарихга эга йирик компаниялардан ҳисобланади.
"Биз Бухородаги Sara Group фирмаси билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни бошлаганимизга бир йилдан ошди. Ўзбекистонда хорижий инвесторлар, ишлаб чиқарувчилар учун яратилган қулай шароитлар, пахта хом-ашёси ва ишончли шерикларнинг мавжудлиги туфайли биз мамлакатингизни иқтисодий ҳамкор сифатида танладик. Бухоро шаҳрида ўз маҳсулотларимизни ишлаб чиқараётганимиздан ва бу ҳамкорликдан жуда мамнунмиз.
Ўзбекистонда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни халқаро бозорга олиб чиққанимиздан хурсандман. Хусусан, бугунги кунда Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кейинги маррамиз Metro савдо дўконларида маҳсулотларимиз сотувини йўлга қўйишдан иборат. Айни пайтда мазкур компания билан шартнома тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда", деди у.
Мавзуга оид
14:14 / 29.11.2024
Полшадаги 5 та савдо уйи орқали Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари сотуви ҳажми ортди
17:30 / 27.11.2024
Тўқимачилик бизнеси ажратилган 25 млн долларлик субсидиядан ҳозирча фақат 4 млн долларидан фойдаланди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
08:40 / 16.10.2024