Жаҳон | 23:30 / 30.12.2017
10437
2 дақиқада ўқилади

Falcon Heavy ўта оғир ракетаси парвозга шай ҳолатга келтирилди (видео)

Фото: Twitter/ @johnkrausphotos

SpaceX компанияси ўзининг янги Falcon Heavy ўта оғир ракетасини старт майдончасига ўрнатди. Ракетанинг вертикал ҳолатга келтирилиши видеоси (34 марта тезлаштирилган ҳолда) Spaceflight Now томондан намойиш қилинди.

Ракета Жон Кеннеди номидаги коинот марказининг (Флорида штати) LC-39A майдончасида ўрнатилган. Бу ердан 1967 йил 9 ноябрда Apollo кемасига эга Saturn 5 ўта оғир ракетаси илк бор фазога учирилган.

Falcon Heavy ракетаси парвози олдидан SpaceX муҳандислари унинг двигателларини яна бир бор кўздан кечириб чиқадилар.

Айни вақтда Falcon Heavy сайёрамиздаги энг кучли ракета ҳисобланади. Ракетанинг илк парвози январь ойига белгиланган. SpaceX компанияси раҳбари Илон Маскнинг фикрича, ракетанинг биринчи парвози 27 та двигателининг синхрон ишлашидаги мураккаблик туфайли катта эҳтимоллик билан муваффақиятсиз ўтиши мумкин.

Ракета пастки таянч орбитага 63,8 тонна юк олиб чиқа олиши мумкин. Ракета парвози 90 млн долларга баҳоланмоқда.

Ҳозирча фақат АҚШда ўта оғир (пастки ер атрофи орбитасига 50 тонна юк олиб чиқувчи) ракеталар лойиҳалари ракеталарни йиғиш босқичигача етиб борган.

20-асрда бундай синфдаги ракетадан 3 таси яратилган. Улардан энг муваффақиятлиси Saturn 5 бўлган ва у АҚШнинг Ой дастурида қўлланган. Собиқ иттифоқда яратилган Н-1 ракетасининг барча 4 та парвози муваффақиятсиз якунланган. Собиқ иттифоқнинг яна бир ўта оғир ракетаси “Энергия” икки марта учирилган ва икки парвоз ҳам муваффақиятли ўтган. 

Мавзуга оид