Фан-техника | 21:10 / 03.01.2018
33538
7 дақиқада ўқилади

2017 йилнинг энг қизиқарли 8 кроссовери — фотогалерея

Энг тез ўсиб келаётган кроссоверлар сегментида янги автомобиллар ҳар йили кўплаб пайдо бўлмоқда. Катта, кичик, чиройли ва унчаликмас, тезкор ва спортча ёки иқтисодли ва гибрид — 2017 йилда буларнинг барисига гувоҳ бўлдик. Motor кишиларни ҳаммадан ҳам кўпроқ қизиқтирган 8 та йўл танламасларнинг рўйхатини эълон қилди.

BMW X2

BMW’дан янги кросс-купе ёшлар аудиторияси учун мўлжалланган ва X1 ҳамда X3 моделлари орасида жойлашган. Йўлтанламас машина олди тортувчи платформа устига қурилган, ундан MINI, Active Tourer сериясидаги BMW 2 ва янги авлод X1 асосида ҳам фойдаланилади.

Модификациясига кўра BMW X2 биратўла спортча осма билан жиҳозланади, ёки M Performance тури билан. Опция сифатида ўзгартириладиган амортизаторлар тақдим этилиши мумкин. Двигателлари гаммаси икки литрли бензинли ёки «турбо тўртлик» дизеллисидан иборат улар 190 дан 231 от куч қувватини беради. Тўлиқ узатмали версиялари ҳам бор. Бозорда унинг минимал баҳоси 16.250 АҚШ долларига тенг.

DS 7 Crossback

Премиал бренд PSA’нинг флагман кроссовери — юқори технологияли автомобилларга қизиқувчилар учун ҳақиқий байрам. Моделнинг жиҳозланишига шаҳар, трасса ёки сўқмоқ йўллар учун нур тутами турлича созланадиган ўзгарувчан фаралар, йўлдаги нотекисликларни олдиндан ҳисоб китоб қилиб, ғилдираклардаги амортизаторлар қаттиқлигини шунга олдиндан тайёрловчи камералар, 100 метргача бўлган масофадаги объектларни фарқлай олувчи тунги кўриш тизими киритилган. Яна бир камера — инфрақизил — салонда рул ортига ўрнатилган. У ҳайдовчининг кўзлари ва қўллари ҳаракатини кузатади ва унинг чарчаганлик даражасини баҳолаб боради.

Европада DS 7 учун олтита куч қурилмаси назарда тутилган: 130, 180, 230 от кучига тенг бензинли агрегатлар, 130 ва 180 от кучили дизеллар. Шунингдек, DS 7 300 от кучига тенг гибридли қурилма билан ҳам тақдим этилади.

Infiniti QX50

Infiniti QX50 кроссовери марканинг қисилиш даражаси ўзгарадиган жаҳондаги илк турбо двигатель билан таъминланган биринчи автосига айланди. Агрегат 272 от кучини беради (380 Нм) ва CVT поғонасиз трансмиссия билан таъминланади. QX50’нинг шундай двигатель билан жиҳозланган олди тортувчи модификациялари V-симон олти поршенли агрегатга эга машиналардан 35 фоизга иқтисодлироқ.

Кроссовернинг жиҳозланишига ProPilot яримавтоном бошқариш тизими киради. У автомобилни бир полоса чегарасида ушлай олади ва зич шаҳар оқимида ҳам, магистралларда ҳам ишлайди.

Jaguar E-Pace

Jaguar’нинг энг кичик кроссовери презентациядан сўнг дарҳол «Гиннеснинг рекордлар китоби»га кирди. У Range Rover Evoque модернизациялаштирилган платформасидаги серияли машиналар ичра энг узоққа сакраш — «бочка»ни амалга оширди. Кроссовернинг кузови қисман алюминийдан тайёрланган — капоти, томи, олдинги қанотлари ва багаж бўлмаси эшиги шу енгил металлдан тайёрланган.

Модель 150, 180 ва 240 от кучига тенг учта дизелли моторлар билан, шунингдек 249 ва 300 от кучига тенг бензинли двигателлар билан жиҳозланади.

Range Rover Velar

Range Rover «купесимон» кроссовер Jaguar F-Pace платформасига қурилган ва марка шажарасида Evoque ва Range Rover Sport ўртасидан жой олган. Платформадан ташқари, Velar Jaguar билан куч қурилмасини ҳам бўлишади: Ingenium оиласига мансуб икки литрли «тўртликлар» ва уч литрли V6. Бироқ барча йўлларда юра олувчи ушбу машинанинг ташқи кўриниши уникал.

«Велар»нинг асосий жиҳатлари — рақамли прибор панели, мультимедиа тизими дисплейи ва автомобиль асосий функцияларинини бошқариш учун мўлжалланган яна бир 10 дйюмли дисплейни қамраб олган тўлиқ «рақамли» интерьердир. Шунингдек, унинг рулидаги сенсорли тугмалар ҳам. F-Pace’дан яна бир фарқи — кроссоверни ер сатҳидан 251 миллиметрга кўтара оладиган пневматик осмадир.

Dacia/Renault Duster

Машҳур кроссоверлардан бири авлодини ўзгартирмоқда. Техник «мағзи» ўзгаришсиз қолаётган эса-да, экстерьер ва салон тубдан ўзгартирилган. Прибор панели, рул чамбараги, марказий консоль, шунингдек, иқлим назорат блоки қайта кўриб чиқилган.

Европада кроссовернинг қўшимча жиҳозланиш рўйхати ҳам кенгайган — модель учун айланасига кузатиш тизими, кўринмас зоналарни кузатиш функцияси, ёнбошдаги хавфсизлик пардачалари, калитсиз ёндириш тизими, узоқни ёритиш нурини автоматик бошқариш функцияси ишга туширилган.

Skoda Karoq

Эскимосларнинг алутиик элатига хос икки сўз жамланмасидан ном олган кроссоверни Skoda май ойидаёқ тақдимот этганди. VW Tiguan каби MQB модулли платформасига қурилган янги автомобиль Европада модел қаторида Yeti ўрнини эгаллайди.

Ўлчамлари бўйича Volkswagen Tiguan’дан бирозгина ортда қоладиган йўл танламас машина икки хил бензинли ва уч хил дизелли двигатель билан таъминланади. Улар олти поғонали «механика» ва етти поғонали икки бирикмали «роботлар» билан жиҳозланади. Фаол осма тўртта иш режимига эга, жумладан, ўнқир-чўнқир йўлларда юришга ҳам мослаштирилган.

Volvo XC40

Volvo XC40 кроссовери швед маркасининг Geely компаниясига кирганидан буён марканинг CMA платформасида қурилган илк модели бўлди. Биринчи босқичда машина Drive-E оиласига мансуб тўрт цилиндрли икки хил двигатель: дизелли D4 ва бензинли T5 билан таъминланади.

XC40 дебюти билан бир қаторда Volvo компанияси автомобиль харид қилишнинг янги хизмати — Care by Volvo’ни таклиф этди. Бу каршеринг ва лизинг оралиғидаги бир нарса бўлиб, буюртма берган киши автомобилни қўлга киритгач ойма-ой ундан фойдаланганлик, суғурта, ҳаттоки техник хизмат учун учун тўлов қилиб боради. Машинага кўпчилик бўлиб — қариндошлар ёки дўстлар билан ташлашиб эгалик қилиш ҳам мумкин.

Мавзуга оид