Ўзбекистон | 15:20 / 10.01.2018
24954
3 дақиқада ўқилади

Тиббий рецептларни қўлда тўлдиришдан тўлиқ воз кечилади

Ўзбекистонда шифокорнинг касбий хатосини аниқлашнинг таъсирчан тизими жорий этилади. Шу йилнинг 30 мартига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, ИИВ, Бош прокуратура ва Ахборот технологиялари вазирлиги тегишли норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. Бу муҳокама учун эълон қилинган 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Лойиҳада ҳар бир тиббиёт муассасасида беморларнинг шифокор касбий хатосидан хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий экспертлар гуруҳлари ташкил этилиши, тиббиёт ходимларининг хатоси оқибатида етказилган зарар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига хабар қилиш, уларни кўриб чиқиш ва хизмат текширувини ўтказиш тартиби, хатосини ўз вақтида ва ихтиёрий тан олган, етказилган зарарни қоплаган тиббиёт ходимини айрим салбий оқибатлардан озод этиш, тиббиёт ходимлари йўл қўйган хатолар ҳақида маълумот бериш, уларни ҳисобга олиш ва олдини олиш тизимини яратиш ўрин олган.

Шунингдек, касаллик тарихини, шу жумладан, рецептни электрон шаклда тўлдиришни (қўлёзма усулидан тўлиқ воз кечган ҳолда) жорий этиш ва уни тегишли дорихонадаги маълумотлар базасига жойлаштиришни таъминлайдиган ахборот тизимини босқичма-босқич амалга киритиш назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 8 ноябрида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бир оила фарзандлари бўлган 3 опа-сингил кетма-кет вафот этганди.

Дастлабки хабарларда  4, 7 ва 10 ёшда бўлган  қизалоқларнинг ўлимига нотўғри берилган дори воситаси, табиб тайёрлаб берган дамлама ёки кўчадаги емакхонадан олинган қийма кабоб сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги таъкидланган эди. 

Кейинроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институтидаги манба Қосимоваларнинг ўлимига дори воситаларининг нотўғри берилгани сабаб бўлгани ҳақида маълум қилди.

Суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, қизлар дори воситаларини нотўғри қабул қилганликлари учун оламдан ўтган. Қизларга паразитларга қарши «Вермокс» препарати буюрилган бўлган.

Аммо дорихона ходими шифокорнинг қўлда тўлдирилган рецептидаги ёзувга тушунмасдан, юракка алоқадор хасталикларда қабул қилинувчи «Верапамил» дори воситасини берган. Ушбу дорини қабул қилиш оқибатида қизларда кардиоген шок ҳолати юз берган.