2018 йил Ўзбекистонда: 2000та ижтимоий дорихоналар ва «ақлли тиббиёт»
15 январь куни Тошкент шаҳридаги «Тараққиёт стратегияси» марказида «Фаол тадбиркорлик ва инновацион технологиялар ва ғояларни қўллаб қувватлаш йили» Давлат дастуридан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган матбуот брифинги бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.
Матбуот брифингида маълум қилинишича, 2018 йилда 2000га яқин ижтимоий дорихоналар ишга туширилади. Ижтимоий дорихонанинг асосий вазифаси туманлардаги аҳолига дориларни сифатли ва ҳамёнбоп, хусусий дорихоналардан анча паст нархларда тақдим этишдан иборат бўлади.
«Ушбу ижтимоий дорихоналар ҳақиқий талабга мос равишда фаолият юритиши, ўрнатилган тартибда аҳолига арзон дори-дармон воситаларини етказиб бериш назарда тутилади. Бу борасида дорихоналарни ишлаш механизми, тартиб ва қоидалар мутахассислар томонидан ишлаб чиқилмоқда», деб таъкидлаб ўтди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилдан «ақлли тиббиёт» консепциясини амалда қўллашга ўтишини билдирди.
«Ахборот технологиялари орқали аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янги босқичга олиб чиқишни режалаштирганмиз. Энг аввало, ижтимоий касалликларни электрон рўйхатини шакллантириш, жумладан онкологик, эндикринологик касалликларни даволаш учун ажратиладиган маблағларнинг умумий қийматини аниқ белгилаш учун «ақлли тиббиёт» консепциясини жорий этиш зарур», деб қўшимча қилди вазир ўринбосари.
Элмира Баситханованинг таъкидлашича, бугунги кунгача қўлда ёзилган ҳисобот ва маълумотларда хатолар учраб туради. Ташкил этилаётган электрон рўйхат орқали эса касалликларни даволашга, тиббий муолажалар учун қанча маблағ сарф бўлиши аниқланади. Бундан ташқари, шифокор қабулига ёзилишда ҳам электрон навбат тартиби жорий қилинади.
Мавзуга оид
07:08 / 30.08.2024
Юзлаб дорихоналарда дорилар нархи асоссиз ошириб сотилгани аниқланди
19:12 / 04.07.2024
Рецептсиз бериладиган дорилар ва тиббий буюмлар учун нарх чеклови олиб ташланади
09:54 / 06.06.2024
Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган дорихоналар аниқланди
11:00 / 01.06.2024