08:01 / 15.01.2018
6708

Фаластинликлар Трампнинг Яқин Шарқ бўйича “аср битими”ни қабул қилмайди – Аббос

Фото: AP Photo / Emrah Yorulmaz

Фаластинликлар Исроил билан ихтилофни ҳал қилишда АҚШни воситачи деб ҳисобламайдилар ва АҚШ президенти Дональд Трамп Яқин Шарқ бўйича тайёрлаётган “аср битими”ни қабул қилмайдилар. Бу ҳақда Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос айтди.

Аббос буни Фаластиннинг озод қилиш ташкилоти марказий кенгашининг Трампнинг Ал-Қудс бўйича баёноти юзасидан ўтказилган фавқулодда йиғилишида айтиб ўтди. 

“Биз Трампга “йўқ” дедик. Биз “аср битими” деб аталаётган битимни қабул қилмаймиз. Биз Исроил билан музокараларда АҚШни воситачи деб ҳисобламаймиз”, деб айтган Аббос йиғилишда. 

Аббос АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман билан учрашиш таклифларини рад этганини маълум қилди. 

Аббос ихтилофни 1967 йилги чегараларга эга, ўз ичига Шарқий Ал-Қудсни олувчи Фаластин давлати тузишни кўзда тутувчи халқаро ҳуқуқий асосда ҳал қилишга интилишини таъкидлаб ўтди.

“Ал-Қудс – буни истайдиларми-йўқми, бизнинг пойтахт. Биз бу ерда қоламиз ва оккупация ҳамда турар жойлар қурилишига қарамай, ҳеч қаерга кетмаймиз”, деб айтган Аббос.

Аббос, шунингдек, фаластинликлар БМТда тўлақонли аъзоликка эришишга интилишларини айтди. Ҳозирда Фаластин БМТда “кузатувчи давлат” мақомига эга. 

Мавзу
Қуддус Исроил пойтахти деб тан олиниши

6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олди. У АҚШ Давлат департаментига Тель-Авивдаги элчихонани Қуддусга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди.

Барчаси
Top