Ўзбекистон | 22:10 / 15.01.2018
47617
2 дақиқада ўқилади

Мактаб директори жамғармаси ва ўқитувчиларнинг педагогик юкламаси бекор қилиниши мумкин

Барча умумтаълим муассасаларда директор жамғармаси тугатилиши ва педагог ходимларни моддий рағбатлантиришнинг янги механизми ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Бу Kun.uz мухбири Халқ таълими вазирлигидаги ахборот манбасига асосланиб хабар берди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли «Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси тўғрисида»ги Низомнинг 6-бандига мувофиқ, директор жамғармаси умумтаълим муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда ташкил этган. Яъни, тажрибали ва намунали ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш механизми сифатида директор жамғармасидан ойлик маошига қўшимча маблағ қўшиб бериш белгиланганди.​

Аммо, директор жамғармаси томонидан ажратиладиган педагог ходимларни рағбатлантирувчи маблағлар сўнгги пайтда соҳадаги қоғозбозлик, айрим ҳолларда «маҳаллийчилик», «гуруҳбозликларни» келтириб чиқаргани сир эмас. Шу сабабдан мутасадди ходимлар директор жамғармаси ўрнига замон талабларига жавоб берадиган механизмни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган ахборот манбасининг айтишича, «​бундан кейин, педагог ходимларни моддий рағбатлантириш ишларида асосий мезон сифатида қаралган педагогик юклама ҳақидаги ҳисобот вароқлари ўрнига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси масъул ходимлари мазкур вазифа билан шуғулланади»​.