Жамият | 21:37 / 16.01.2018
10863
2 дақиқада ўқилади

Аксиришини тўхтатмоқчи бўлган эркак ҳалқум мушакларини йиртиб олди

Буюк британиялик эркак аксиришини тўхтатмоқчи бўлиб, ҳалқумининг пастки қисмини йиртиб олди. Эркак томоқдаги қаттиқ оғриқлар ва нутқ сўзлашда қийналаётгани шикояти билан шифохонага ётқазилган. Бу ҳақда BMJ Case Reports нашри маълум қилди.

Шифокорлар эркакнинг бўйни икки томондан босилганда қирсиллаган овоз эшитишган, бу эса эркакнинг териси остига ҳаво кирганидан далолат беради. Эркакка компьютер томографияси қилинганда, умуртқа билан кўкрак қафаси ўртасида ҳаво борлиги аниқланган. 

Шифокорларнинг айтишича, ҳалқум қизилўнгач билан бирлашадиган жойидан узилган. Кўринишича, бу ҳолат эркак аксириш вақтида қўли билан оғзи ва бурнини ёпиши натижасида юз берган. Шундан кейин у томоғи ва бўйнида қаттиқ оғриқ сезган. 

Натижада эркак бир ҳафта даволанишига тўғри келган. У бу вақт давомида найча орқали овқатлантириб турилган ҳамда инфекция тарқалмаслиги учун унга томири орқали антибиотиклар киритилган.

Маълум қилинишича, оғиз ва буринни беркитган ҳолда аксиришни тўхтатишга уриниш жиддий оқибатларга – қулоқ пардаси йиртилиши, медиастения ва ҳаттоки инсультга олиб келиши мумкин. 

Шифокорларнинг таъкидлашларича, ҳалқум мушаклари камдан-кам ҳолларда узилади. Бунга кўпинча кучли йўтал ёки бўғиш сабаб бўлади. 

Мавзуга оид