Ўзбекистон | 21:28 / 16.01.2018
111554
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикаси олтин-валюта захираси расман эълон қилинди 

2017 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олтин захираси 26,6 миллиард долларга тенг, деб баҳоланди. Бу ҳақда Марказий банк Ахборот хизмати хабар берди.

Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Тимур Ишметов жорий йил 1 январдан бошлаб банк фаолияти ва олтин захираси ҳақида шаффоф маълумотлар оммавий эълон қилинишини маълум қилганди. Шунга қарамай, ҳисоботлар ўз вақтида чоп этилмади.

Марказий банк раиси ўринбосари Адҳам Ҳайдаров ушбу масалага тўхталиб, Kun.uz мухбирига аниқ маълумотлар тез орада эълон қилиниши маълум қилганди.

2017 йилнинг I ярим йиллигида банк активлари 26 фоиз ёки 19,3 триллион сўмга, жумладан, кредит қўйилмалари 34 фоизга ёки 17,3 триллион сўмга ўсди.

Кредитлаштиришнинг ўсиши асосан соҳа ва ҳудудларни ривожлантириш давлат дастурларининг инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни кредитлаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни бошлаётган аҳолини қўллаб-қувватлашига тўғри келган.

Банкларнинг кредит фаоллиги ошиши 2017 йилнинг I ярим йиллигида миллий валютадаги пул массасининг 15 фоизга ўсишига олиб келди ва бу иқтисодиётда нарх даражаларининг ошишига таъсир кўрсатди.

Пайдо бўлган вазиятда инфляция жараёнларини жиловлаш ва пул массалари ўсиш суръатларини чеклаш мақсадида 2017 йилнинг 28 июнидан бошлаб Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 9 фоиздан 14 фоизга кўтарилди.

Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини босқичма-босқич пасайтириш ва асосий пул-кредит кўрсаткичларининг мустаҳкам аксилинфляция динамикасини шакллантириш имконини берди. Хусусан, миллий валютадаги пул массаси иккинчи ярим йилликда 4,7 фоизга камайди ва натижада 2017 йил бўйича унинг ўсишини умумий 9 фоиз даражада сақлаб қолиш имконини берди.

2017 йилнинг иккинчи ярим йиллигида пул-кредит сиёсатини ўзгартирилишини белгилаб берган асосий макроиқтисодий омиллардан бири валюта сиёсатининг либераллаштирилиши бўлди.

Кўрилган чоралар сентябрь-декабрь ойларида банкларнинг хорижий валюталарнинг олди-сотдисида ўртача ойлик ҳажмлари 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан барқарор ошиб боришини таъминлади: юридик шахслар томонидан харидлар сони 60 фоизга ошди, сотиш эса 4 баробарга кўпайди. Аҳоли ўз валюта маблағларини тижорат банкларининг айрибошлаш шохобчаларида бозор курсида сотиш имконига эга бўлади.

Сентябрь ойида ўтказилган девальвациядан сўнг айрибошлаш курси барқарор даражада сақланди ва бир фоизлик диапазонда тебраниб турди: 1 АҚШ долларига 8049-8138 сўм.

2017 йил якунларига кўра соф олтин-валюта захираларининг ҳажми 26,6 миллиард долларга етди ва ўсиш йил бошига нисбатан 1,4 миллиард долларни ташкил этди.​

Мавзуга оид