Иқтисодиёт | 23:05 / 28.11.2025
19017
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 44 млрд долларга етди. Пуллар нимага ишлатилган?

2025 йилнинг 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 44 млрд долларга етди. Давлат қарзининг 36,7 млрд доллари – ташқи қарз, 7,2 млрд доллари эса – ички қарз. Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 млрд долларга ошган. Ўзбекистоннинг энг йирик кредиторлари – Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки бўлиб қоляпти. Қарзнинг 63 фоизи долларда, 12 фоизи сўмда, 8 фоизи еврода жалб қилинган.

Фото: Reuters

2025 йилнинг 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 43 млрд 969 млн долларни ташкил этди. Давлат қарзининг 36,7 млрд доллари – ташқи қарз, 7,2 млрд доллари эса ички қарз.

Давлат қарзи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 млрд 884 млн долларга кўпайган. ЯИМга нисбатан улуши эса 32,3 фоизга етган.

Давлат ташқи қарзининг умумий қарздаги улуши – 84 фоиз, ички қарз улуши эса –16 фоиз. Учинчи чорак якунлари бўйича аҳоли жон бошига давлат қарзи 1154 долларни ташкил этди.

Жалб қилинган қарз маблағлари нимага ишлатилган?

Ҳисобот даври якунига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 47 фоизи (17,4 млрд доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга, 16 фоизи (5,8 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига (3,2 млрд доллар), 8 фоизи (2,8 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 8 фоизи уй-жой коммунал хўжалигига (3 млрд доллар) йўналтирилган.

Ўзбекистон кимлардан қарз олган?

1 октябр ҳолатига давлат ташқи қарзининг асосий қисми қуйидаги ташкилотлардан жалб қилинган:

  • Жаҳон банки — 8 млрд доллар;
  • Осиё тараққиёт банки — 7,5 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 5,8 млрд доллар;
  • Хитой молия ташкилотлари – 3,7 млрд доллар;
  • Япония молия ташкилотлари — 3,1 млрд доллар;
  • Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,7 млрд доллар;
  • Франция молия ташкилотлари – 1,2 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 932 млн доллар;
  • Корея молия ташкилотлари — 740 млн доллар;
  • Халқаро валюта жамғармаси — 638 млн доллар;
  • Германия давлат банки — 491 млн доллар;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 426 млн доллар;
  • Бошқа молиявий ташкилотлар — 2,5 млрд доллар.

Ташқи қарзнинг валюта таркиби қуйидагича: доллардаги кредитлар — 63 фоиз, ўзбек сўмидаги — 12 фоиз, евродаги – 8 фоиз, япон иенасидаги — 6 фоиз, юандаги — 2 фоиз.

Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи қарз масаласи кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганини айтиб, бу масалага қуйидагича изоҳ берганди.

Давлат қарзи ижтимоий тармоқларда муҳокама бўляпти. Ўсиб бораётган иқтисодиётимиз кўп маблағга муҳтож. Ташқи инвестициялар, ДХШ асосидаги лойиҳалардан ҳам маблағлар кириб келяпти. Давлат вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатлар, ичимлик сув, йўл, инфраструктура, шунингдек, мудофаа қобилияти, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини ташқи қарз эвазига қоплашга тўғри келади. Ўзбекистоннинг исталган энг чекка ҳудудларида ҳам уй-жойларни тадбиркорлар қуряпти. Тадбиркорларда одамлар ипотека олиб, уйни сотиб олади, деган ишонч бор. Ипотека муддати узоқ ва банкларни ипотека билан қоплаш маблағлари ҳам чет элдан олиб келинади. Бу ташқи қарз маблағларимиз ошишига олиб келади”, – деганди вазир.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар бўлиши кутиляпти. Шундан 3 млрд доллари давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, қолган қисми эса инвестиция лойиҳаларига йўналтирилади.

Умумий ташқи қарз – 72 млрд доллар

Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Айни пайтда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 44 млрд доллар, бу ҳақда юқорида батафсил ёздик. Ўз навбатида, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган субъектлар давлат кафолатисиз ташқи қарз олса, бу хусусий ташқи қарз дея қайд этилади. Шундай бўлс-ада, бундай «хусусий» қарзларнинг катта қисми давлатга тегишли компаниялар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанк Хитой банкларидан кредит олиб, янги бинолар қурди.

Агар Ўзбекистондаги давлат банки ёки корхонаси ўз номидан ва давлатнинг расмий кафолатисиз қарз олса, бу хусусий қарз ҳисобланади. Лекин бу қарз давлат банки томонидан олинаётгани сабабли уни “ярим давлат” ёки «квази-давлат» қарзи сифатида ҳам таснифлаш мумкин, чунки қарз олувчи – давлатга тегишли ёки давлат томонидан назорат қилинадиган ташкилот. Бу қарз давлат қарзига кирмайди, лекин давлатнинг молиявий барқарорлигига таъсир қилиши мумкин, айниқса, давлат корхонаси олган қарзини қоплашда қийинчиликка дуч келган пайтда.

2025 йил биринчи ярим йиллик якуни бўйича Ўзбекистоннинг мана шу умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил қиляпти.

Мавзуга оид