Қурилишдаги молиявий найранглар
Бугунги кунда Ўзбекистонда кенг қамровли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Ана шу масъулиятни ҳис этиб ишлаётганлар Ўзбекистон ободлигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш баробарида, халқнинг миннатдорчиликларига ҳам сабабчи бўлишмоқда. Афсуски, бу соҳада ҳам ўз нафсини жиловлай олмайдиганлар учраб турибди.
Қурилиши бизнесида “айланадиган” катта миқдордаги пуллар айрим нопок кимсаларнинг пайтавасига қурт тушириши эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, давлат томонидан молиялаштириладиган объектлар хусусида гап кетганда...
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, жиноят ишлари бўйича Пискент тумани судида тўрт нафар “учарлар” – “Qishloq Qurilish Invest” МЧЖ инжиринг компанияси Тошкент вилоят филиали Лойиҳа-қидирув ишлари ва қурилишни техник назорат қилиш бўлими мутахассислари Мансур Рамазонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Акбар Ҳалимов, “Замин Бўка Файз” МЧЖ раҳбари Ином Маллаев ҳамда “Бўка Қурилиш Инвест” МЧЖ раҳбари Қосим Ибодовнинг жиноий хатти-ҳаракатлари юзасидан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.
Бир гуруҳга бирлашиб олган бу кимсалар фуқаролар учун қурилаётган намунали уйларнинг ҳужжатларига сохта маълумотлар киритиб, катта-катта маблағларни ўзлаштириб келганликлари фош этилган. Хусусан, жиноий гуруҳ аъзолари дастлаб Пискент туманида қурилган 11 та намунали лойиҳадаги уй-жой қурилиши бўйича бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги маълумотномаларга сохта ёзувлар киритиб, аслида бажарилмаган 60 млн 322 минг сўмлик қурилиш ишларини қўшиб ёзиб, “Qishloq Qurilish Invest” МЧЖ инжиринг компанияси Тошкент вилоят филиалига тақдим этишади ва ушбу пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишади.
Ишлари силлиққина амалга ошган устомонлар мазкур туманнинг бошқа ҳудудида қурилган яна 11 та намунали уй-жой қурилишида ҳам аввалгидек, сохтакорлик қилишади. Бу сафар 69 млн 312 минг сўм маблағ талон-торож қилинади.
Тўртовлоннинг иши юришиб, навбатдаги “ов” бошқа туманда бароридан келади. Улар Оҳангарон туманида қурилган 5 та намунавий уйларни эгаларига топширишда ҳам шундай усулни қўллашади. Натижада 38 млн 880 минг сўм маблағ ўзлаштирилади.
Нафси тобора ҳакалак отиб бораётган бу кимсалар яна 4 та ҳолатда шу йўл билан сохтакорлик қилиб, 366 млн 700 минг сўмдан ортиқ маблағларни талон-торож қилиб юборишади.
Махсус текширишлар мобайнида уйларни қуриш ва таъмирлаш ишлари кўрсатилган тартиб асосида тўла-тўкис, мукаммал, виждонан бажарилмагани аниқланган.
Газетада ёзилишича, айбдорлар қилмишларига яраша жазо олишган.
Мавзуга оид
11:34 / 09.12.2024
“Озодликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди” — афв этилганлар ҳикояси
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024