Фан-техника | 09:50 / 18.01.2018
8375
2 дақиқада ўқилади

Немис дизайнери йиғилувчи ғилдирак ихтиро қилди (видео)

Фото : Revolve-Wheel

Немис дизайнери Андреа Мочеллин велосипед учун йиғилувчи ғилдирак ихтиро қилди. Бу антиқа ғилдирак келгусида велосипед ва бошқа индивидуал транспорт воситалари саноатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, деб ёзмоқда New Atlas.

Дизайнернинг “ижод маҳсули” Revolve деб аталади ва диаметри 66 см бўлган, спицалар билан ўзаро бирлашган 6 та бўғиндан иборат ғилдирак кабидир. Ғилдирак осонгина эни 22 см.лик ихчам конструкцияга айланади, у ёйилган кўринишидагидан 60 фоиз камроқ жой олади.

Мочеллиннинг айтишича, унга бундай ғилдиракни яратиш ғояси йиғилувчи велосипедлар ишлаб чиқарувчилар бундай велосипедларни ташиш учун уларни қулай бўлган кичикроқ диаметрдаги ғилдираклар билан жиҳозлашларига тўғри келиши сабабли пайдо бўлган. Бироқ бундай велосипедларнинг конструкцияси ва қулайлиги савол туғдиради.

Дизайнер ўз ғоясини рўёбга чиқариш учун юзлаб 3D-моделлар ва ўнлаб прототипларни яратди ва бунга 3 йил сарфлади. Мочеллиннинг таъкидлашича, бу ғилдиракни нафақат велосипедларда, балки ногиронлар аравачасида ҳам қўллаш мумкин. Келгусида бу ғилдирак конструкцияси бошқа транспорт воситаларини яратиш учун ҳам қўлланиши мумкин.

Дизайнернинг айтишича, ғилдиракнинг йиғилувчи конструкцияси у билан жиҳозланган велосипедни исталган сиртлар бўйлаб ҳайдашда қулайлигига таъсир қилмайди. Айни вақтда Мочеллин ўз лойиҳасини тижоратлаштириш учун сармоячилар изламоқда.