Жаҳон | 13:23 / 25.01.2018
18717
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон 2030 йилгача нимага эришмоқчи экани маълум бўлди 

Фото: АКИpress

Қозоғистон 2030 йилга қадар жаҳондаги энг ривожланган 30 давлат қаторидан жой олиш ниятида. Бу ҳақда республика маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳаммадўғли ҳукуматдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодиётнинг ўсишига туризм ҳам жуда катта таъсир кўрсатади.

«2017 йилда Қозоғистон туризми ривожида туб ўзгаришлар даври бўлди. ЭКСПО муваффақиятли ўтказилгани туфайли бутун дунё Қозоғистонни ғарб ва шарқ маданияти чорраҳасида жойлашган янги туристик жой сифатида кўра бошлади. Қозоғистон мустақиллик йилларида биринчи марта жаҳон туризм харитасидан аниқ жойни эгаллади», - дея айтиб ўтди вазирлик раҳбари.

Унинг таъкидлашича, туризм олдига катта вазифа қўйилган – ЯИМ улушини 2016 йилдаги 1 фоиздан 2025 йилга қадар 8 фоизга ошириш. Бунинг учун қатор чоралар кўрилган, жумладан республика вазирликлари ва минтақалари ҳамкорлик ҳақида тегишли меморандумлар имзолади. Унга кўра, Қозоғистонда «КазахТуризм» АЖ базасида етакчи мамлакатлар тажрибаси бўйича туризмни ривожлантириш бўйича офис очилди, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди, Олмаота ва Остона шаҳри орқали ўтувчи Хитой фуқароларига 72 соатлик визасиз транзит жорий қилинди. 

«ЭКСПО ўтказилиши даврида ушбу тажриба ўз самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатди. 3 ой ичида мамлакатга Хитойдан 4,5 минг сайёҳ ташриф буюрди, улар мамлакат иқтисодиётига ҳар бири 250 дан 300 долларгача қолдирди. Яқин вақт ичида Ҳиндистон фуқаролари учун ҳам шундай режим жорий этишни режалаштирганмиз», - дея қўшимча қилиб ўтди А.Муҳаммадўғли.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг мақсади – 2030 йилга қадар жаҳондаги энг ривожланган 30 давлат сафидан жой олиш.

Мавзуга оид