Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чемпионликдан сўнг: Миллий терма жамоани шу ёшларга топшириш тўғри бўладими?
9-27 январь кунлари мобайнида Хитой мезбонлигида ўтган Осиё чемпионати финалида Вьетнам терма жамоасини қўшимча вақтда урилган гол эвазига 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди. Қуйида ушбу турнир якунларига хулоса қилинади.
Равшан Ҳайдаров
Равшан Ҳайдаровни мураббий сифатида камида ўн беш йилдан бери биламиз. «Трактор», «Пахтакор» ва ҳатто унга ўз вақтида жаҳон чемпионатида саралашида қатнашаётган терма жамоамиз ҳам ишониб топширилганди. Аммо у доим кимнингдир соясида қолган, аввалига Агамуродов, кейин Юрген Гёде ёки Виктор Жалилов унга, Ҳайдаровга шерик бўлар, сўнгги йилларда эса, у кўпроқ Самвел Бабаяннинг «чизиғидан чиқмайдиган мутахассис» сифатида таассурот қолдираётганди.
Ушбу мусобақа Ҳайдаровни айнан мураббий сифатида қайтадан кашф этди, дейиш мумкин. Жамоа ўйинида мураббийнинг қўли яққол сезилди, айниқса, мусобақа давомида пайдо бўлган турли вазиятларга ёшларни тайёрлаш осон эмас – гуруҳдаги чигал вазиятда совуққонлик, японларнинг биздан ёш эканини ҳисобга олиб дастлабки дақиқалардан босим уюштириш, Жанубий Корея бир ўйинчи кам бўлиб қолганда ташаббусни қўлга олиш, финалдаги ноқулай об ҳаво ва айниқса, 1:1 ҳисобидаги ўйинларда ўзини сувга тушган балиқдек ҳис қиладиган Вьетнам жамоасини мағлуб этиш. Буларнинг барчасида бош мураббийнинг муҳим ва ўз вақтида чиқарилган қарорлари турганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳужумкорлик
Футболчиларимиз плей-оффдан бошлаб 3 ўйинда жами 10 гол уришди. Голлар стандарт вазиятлардан ҳам, тезкор қарши ҳужумлар ёки позицион ҳужумлардаги чиройли комбинациялар орқали ҳам киритилди. Гол урган футболчилар ҳам ҳар хил, яъни жамоа ўйинида ранг-баранглик ва ҳужумкорлик кўзга ташланди.
Энг асосийси, Япония ва Кореяга қарши ўйинларда керакли ҳисоблар қайд этилгандан кейин ҳам жамоа ҳимояга ўтиб олмади ва яна гол уриш, чиройли ўйин кўрсатишга бўлган ҳаракатлар сезилиб турди.
Бу U23!
Бу қандай мусобақа, бизга бирор йўлланма берадими, бу футболчилар якунда миллий терма жамоамизга қай даражада фойдали бўлади, бу омиллардан қатъи назар, ғалаба бу – ғалаба.
Айниқса, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги турли мусобақаларда умид бахш этиб, ҳатто жаҳон чемпионатларида тўп сурган футболчиларимиз вақт ўтиб умуман йўқолиб кетганликлари мухлисларда пессимистик қарашларни ҳам юзага келтириши табиий. Ўсмир ёки ёш пайтда иқтидорли ёшларга эга бўлишимиз, аммо вақт ўтиб, улар футболимизда йўқолиб, аксинча, корейс ва япон тенгқурлари юлдуз бўлиб кетишлари ҳикоясини кўп тинглаганмиз.
Аммо бу турнир 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлганини ҳам унутмаслик керак. Яъни 16 ёки 19 эмас, 23. Демак бу ёшда футболчи шаклланиб бўлади, клубида ўз ўрнини топиб олган бўлади. Ҳамдамов, Сиддиқов, Яхшибоев ва бу турнирда қатнаша олмаган Шукуров аллақачон олий лигада ҳам юлдузга айланиб бўлишган. Бу футболчиларнинг энди биргаликда, халқаро турнирда зафар қучганликлари таҳсинга сазовор: ҳам ўзи каби рақиблардан устунлигини намойиш қилишди, ҳам янги бир тажриба, ўзига бўлган ишончни орттиришди.
Энди бироз осмондан ерга тушамиз.
Чемпионлик бизга олимпия йўлланмасини бермайди.
Икки йил олдин Бабаян бошчилигидаги U23 жамоамиз худди шундай мусобақада қатнашиб, гуруҳ босқичида қолиб кетганди. Ўша турнир, худди 2020 йилда бўладиган мусобақа каби, Олимпиадага йўлланма берувчи чемпионат бўлганди. Афсуски, биз керакли натижага эришган бу сафарги мусобақа ҳеч қандай йўлланмани тақдим этмайди.
Бу чемпионликнинг орқасидан, ёшларимизнинг янада йирикроқ ва кучлироқ мусобақаларда қатнашишлари жуда ҳам фойдали бўларди. Бу ёшларимиз эса, биргаликдаги охирги мусобақаларини ўтказишди, энди тарқаб кетишади.
Стратегия йўқ эди
Ана шу болалар туғилмасдан олдин, 1994 йилда Ҳиросимада чемпион бўлганмиз ва ўзимизни Осиёда тенгсиз деб ўйлай бошлагандик. Аммо бундай турнирларга бўлган муносабат борасида яхшигина тажрибага эга бўлган Япония ёки Корея каби терма жамоалар турнирга кўпроқ ёш таркибни жўнатиб, аслида, ЖЧ-98 саралаши ёки Осиё кубоги-96 га тайёргарликни бошлаб юборганликларини сезмаганмиз ҳам. Ўша чемпионликдан икки йил ўтиб Япония бизни 4:0 ҳисобида енгди, келаси йилда эса, Корея Тошкентга келиб, дарвозамизга 5та тўп йўллаб кетди.
Мисол учун, японлар бу турнирга 19-20 ёшли болаларини олиб келди. Нега? Чунки икки йил ўтиб, бу жамоа янада тажрибалироқ бўлиб худди шундай турнирга келишади. Юқорида айтилганидек, 2020 йилда бўладиган чемпионатнинг баҳоси юқорироқ – олимпиадага йўлланмани тақдим этади.
Биз эса, бу турнирдан фойдаланиш учун алоҳида стратегияга эга бўлмадик. Тўғри, чемпионлик яхши. Аммо агар соврин қўлга киритилмаганда, эртага тарқаб кетадиган жамоани чемпионатга олиб келиш тўғри қарор дея олармидик?
Хулоса
Бу муваффақиятдан кейин, кўпчилик бу болаларни жамоа сифатида сақлаб қолишни ва миллий терма жамоага айлантиришни маслаҳат бермоқда. Гўёки, бу жамоа янада улғайиб, Осиёнинг энг яхшиларидан бири бўлиши мумкин экан.
Менимча, бу нотўғри.
Албатта, яқин келажакда терма жамоамиз Осиёда етакчилардан бирига айланишига умид қиламан ва агар шундай бўлса, ўша таркибда кеча ғалаба қозонган кўпгина футболчилар ҳам бўлиши мумкинлиги шубҳасиз. Аммо миллий терма жамоага мана шундай қараш принципиал хатодир.
Миллий терма жамоада ҳар доим, айни ўша пайтдаги энг кучли футболчилар тўп суриши керак. Тўғри, бош мураббий бир неча йил кейин бўладиган бирор турнирга тайёргарлик учун стратегияни ишлаб чиқишда, ўша вақтда бугунги формасида бўлмайдиган баъзи катта футболчилардан воз кечиши ва ўрнига ёшроғини танлаши мумкин. Аммо бу мураббийнинг қарори бўлади. Ёш жамоани стратегия сифатида миллий терма жамоага айлантириб олиш, рақобатни пасайтириб юборади, футболга зарар келтиради. Аксинча, ёшлар Аҳмедов, Денисов каби тажрибали футболчилар билан биргаликда ўсиб боришлари керак.
Мисол учун, Испания ёшлари бир неча йил олдин Европа чемпиони бўлишди, ўша таркибда энг зўр футболчилар Хесе Родригес ва Жерар Делофеу бўлганди. Ҳозир иккиси ҳам Испания миллий терма жамоасидан жуда узоқда, чунки уларнинг клублардаги тақдири кўнгилдагидек кечмади. Худди шу шаклда, бугунги терма жамоамиз сафидаги ҳар бир футболчи турли тақдирни бошдан кечириши мумкин.
Бундан ташқари, ўз тенгқурлари ичида ўзига ишонч билан кучли ўйнайдиган баъзилар рақобатда ёки катталар билан аралаш бўлганда, ўша ўйиннинг ярмини ҳам кўрсата олмайди. Хўш, уларнинг яхши ўйнашлари учун бутун таркибни сақлаб қолиш керакми? Тажрибали аъзоси бўлмаган ёш жамоа кучли ва тажрибали рақибларга, оғирроқ вазифалар ёки босимга дош бера оладими? Албатта, бундай бўлмайди.
Терма жамоада кимлар майдонга тушишини ўша жамоанинг бўлажак мураббийига қўйиб берайлик. Ҳеч қаерда амалда қўлланмаган (балки қайсидир араб терма жамоалари қилгандир, лекин натижани кўриб турибсиз) қандайдир қарорларга мураббийни боғлаб қўймаслик керак. Терма жамоага номзод бўлишга шу мамлакат паспортига эга бўлган 20 ёшдан 35 ёшгача, балки унданам ёшроқ ва унданам каттароқ ҳар қандай футболчи ҳақлидир. Уларни танлашда, қайси критерияларни ишга солишни ҳам бош мураббийга қўйиб берилиши энг тўғри йўлдир, назаримда.
Қ.Асланов
Мавзуга оид
21:44 / 14.10.2025
Ўзбекистон ёшлари Қозоғистонни икки ўйинда ҳам мағлуб этди
21:27 / 09.09.2025
Ўзбекистон олимпиячилари Осиё Кубоги йўлланмасини қўлга киритди
22:03 / 20.04.2025
Фантастик финал. Ўзбекистон ўсмирлари 9 киши бўлиб ўйнаб Осиё чемпионига айланди
12:49 / 14.02.2025