Фан-техника | 23:56 / 31.01.2018
10115
2 дақиқада ўқилади

Samsung йиғилувчи экранли смартфонини қачон чиқаришини ошкор қилди

Samsung компанияси йиғилувчи экранли смартфонини 2018 йил охиригача чиқармоқчи. Бу ҳақда компаниянинг 2017 йилнинг 4-молиявий чораги бўйича берган ҳисоботида айтилган.

“2018 йилда биз OLED-дисплейли йиғилувчи смартфонлар каби илғор маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан ажралиб турамиз”, деб айтилган компания хабарида.   

Шунингдек, компания февраль охирида Барселонада ўтувчи MWC кўргазмасида Galaxy S9 смартфонини тақдим қилиш билан “етакчилигини мустаҳкамлаб олмоқчи”.

Компания CES 2018 кўргазмаси доирасида йиғилувчи смартфони ёпиқ тақдимотини ўтказган. Ушбу тақдимотда бўлганларнинг таъкидлашича, компания қурилманинг йиғилувчи дисплейининг турли механизмли бир нечта концептини тайёрлаб қўйган.

Компаниянинг Galaxy X номли букилувчи смартфони ҳақидаги гаплар анчадан бери  юрибди. Ушбу смартфоннинг тақдимоти 2016 йил охирида ўтиши кутилганди. Бироқ Galaxy Note7 билан юз берган муаммолар сабабли ушбу смартфон тақдимоти 2017 йил охирига, сўнгра яна кейинроққа сурилганди.

Дастлабки маълумотларга кўра, смартфон экрани иккала томонга ҳам букила олади, AMOLED-панелни эса уни шикастлаб қўйиш хавфисиз 12 миллиметрга чўзиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид