Ўзбекистон | 16:46 / 02.02.2018
20054
3 дақиқада ўқилади

Қизилмия плантациясини ташкил этганларга имтиёзлар берилади

Фото: prosad.ru

Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2018 йилдаги 63-сон қарори билан қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этувчи, шунингдек, қизилмия илдизини қайта ишловчи ва тайёр маҳсулот чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектларга имтиёзлар жорий этилди. 

Norma.uz’нинг ёзишича, 2024 йил 1 январгача уларга қуйидаги кўринишда имтиёзлар тақдим этилади:

1 – қуйидаги тўловлардан озод этиш:

• ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ягона солиқ тўлови, ягона ер солиғи, шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;
• ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хориждан келтириладиган технологик ускуналар, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг таркибий ва эҳтиёт қисмлари, хом ашёлар, материаллар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари ҳамда қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар уруғлари ва кўчатлари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари).

2 –плантациялар ташкил этиш учун зарур кўчатлар (уруғ, қаламчалар)ни тайёрлаш (йиғиш) учун рухсатнома олиш учун тўловларни кечиктириш.

Маълумот учун: ўсимлик дунёси объектларини ғамлаш (тўплаш)га рухсатнома бериш учун табиатдан фойдаланувчилар- юридик шахслардан ҳар гал  ЭКИҲнинг 0,1 коэффициенти миқдорида йиғим ундирилади. Бунда плантациялар ташкил этиш мақсадида экиш материаллари (уруғлар, қаламчалар) учун белгиланган тўловларнинг 90%и миқдорида тўлов амалга оширилади (Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида низомнинг 10, 40-бандлари).

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ҳужжат билан қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмаси ташкил этилди. Бироқ, мазкур уюшмага аъзо бўлиш юқорида кўрсатилган имтиёзларни қўллаш учун шарт ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, банклар қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш бўйича саноат плантацияларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларига МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставкаларда, 4 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар беради.

Ушбу ҳужжат 1.02.2018 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид