Ўзбекистон | 22:54 / 05.02.2018
25746
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда ўқитувчилар етишмовчилиги сабабига изоҳ берилди

Фото: KUN.UZ

Асосан рус тилида таълим олиб бориладиган мактабларда ўқитувчилар етишмовчилиги кузатилмоқда. KUN.UZ мухбири Халқ таълими вазири У.И.Иноятов берган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Сўнгги вақтларда рус тилига эҳтиёж ошиб бормоқда, бизда эса рус тилида дарс берувчи ўқитувчилар сони кам, чунки мактабларимизда таълим тизимини битириб чиқаётганларнинг 90 фоизи - ўзбек тилда таълим олувчилар. Шу сабаб рус тилида сабоқ берувчи ўқитувчилар етишмаяпти", - дейди вазир.

Бошланғич таълим тизимининг неча фоизида таълим рус тилида олиб борилмоқда? Бугунги кунга келиб, Тошкент шаҳридаги қарийб 45 фоиз бошланғич таълимда ўқиётган ўқувчилар рус тилида таълим олишади. Вилоятларда ҳам рус тилида таълим берувчи мактаблар сони кўпаймоқда. Ота-оналар рус тилини ўрганиши учунгина фарзандларини русийзабон мактабларга олиб боришмоқда.

"Албатта, бола билим олиши керак, лекин у тилни билмаслиги оқибатида унинг таълимга бўлган иштиёқи пасайиб кетиши мумкин. Бу ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши керак. Бундай вазиятда ўз-ўзидан ўқитувчи етишмовчилиги келиб чиқади", - дейди У.И.Иноятов.

Муаммони ҳал қилиш учун қуйидаги чоралар кўрилди:

  • ўтган ўқув йилидан бошлаб педагогика олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг қарийб 30 фоизи рус тили гуруҳларида эълон қилинди, бу яқин келажакда русийзабон кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш имконини беради;
  • рус тилини биладиган ўқитувчиларини рус синфларида дарс бериши учун уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш жараёни йўлга қўйилди;
  • узоқ ҳудудларда ишлаш учун ўқитувчиларга имтиёзлар яратиш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш, ўз фаолиятларини олиб боришлари учун қўшимча имтиёзлар бериш, жамиятда ўқитувчининг нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўришга йўналтирилган қарор лойиҳаси тайёрланди, у муҳокамадан ўтгандан кейин қабул қилинади.

Юқорида келтирилган чоралар ёрдамида ўқитувчиларни таълим муассасаларига қамраб олиш муаммосини ҳал қилинишига умид билдирилди.

Мавзуга оид