22:10 / 06.02.2018
30318

МТМларга овқат ташкил этишнинг янги тартиби бўйича илк эксперимент бошланди

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти ва Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларни амалга тадбиқ этиш мақсадида, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан муассасаларга тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқатларни етказиш тизими қайта кўриб чиқилди. Бу жараёнда узлуксизликни, белгиланган стандарт ва сифатни таъминлашга катта эътибор қаратилиб, ушбу соҳага тадбиркорларни кенг жалб этиш чоралари кўрилмоқда. 

Куни-кеча пойтахтнинг Сергели туманидаги 18-мактабгача таълим муассасасида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг янги тартиби бўйича илк эксперимент бошланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тадбирда Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти, Тошкент шаҳар мактабгача таълими бош бошқармаси, Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси ва яна бир қатор мактабгача таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.


Сергели туман мактабгача таълим бўлими ҳамда  AZIYA BEST DISTRIBUTION корхонаси билан тайёр таомларни етказиб бериш  мақсадида тўғридан-тўғри шартнома имзоланиб, боғча ошхонаси уларга фойдаланишга топширилди. Тажриба–синов тариқасида ўтказилган мазкур тадбирда ошпазларнинг ташқи қиёфасидан тортиб, таомнома бўйича тайёрланаётган таомлар технологияси ва сифати  йиғилганлар эътиборини тортди. Корхона танлаш жараёнида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинишига алоҳида эътибор берилганлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади.

Сергели туман мактабгача таълим бўлими мутассадиларининг фикрига кўра, айнан шу корхона билан яна бешта боғчага тайёр таомларни етказиб бериш  мақсадида тўғридан-тўғри шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Асосий мақсад — болалар учун сифатли ва соғлом овқатланишни таъминлаш. Бунинг натижасида яна бир долзарб муаммо ечилади. Боғча ходимлари тармоқ вазифаларига тегишли бўлмаган вазифалардан озод этилиб, биринчи навбатда, болалар тарбияси ва таълими билан шуғулланишади. Бу эса ўз ўрнида МТМ ошхоналаридаги муаммоларнинг олдини олиши шубҳасиз.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан экперемент натижалари таҳлил қилиниб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади. Тошкент шаҳар мактабгача таълими бош бошқармаси унинг туман бўлимлари томонидан бу борада барча кучлар сафарбар этилган.

 

Мавзуга оид
Top