Сўнгги йилларда одамларнинг овқатланиш тарзи кескин ўзгарди. Табиий маҳсулотлар ўрнини арзон, тез тайёр бўладиган, шу билан бир қаторда, кучли қайта ишланган таомлар (UPF) эгаллаб бормоқда. Халқаро экспертларнинг глобал тадқиқоти айнан мана шу ўзгариш инсон саломатлиги учун жиддий таҳдидга айланаётганини кўрсатмоқда.

Ултра-қайта ишланган озиқ-овқатлар (UPF) – саноатда ишлаб чиқарилган, тез пишадиган ва таркибида кўплаб қўшимчалар мавжуд бўлган маҳсулотлар ҳисобланади. Уларни уй шароитида тайёрлаб бўлмайди. Бундай озиқ-овқатлар узоқ вақт сақланади: эмулгаторлар, консервантлар, бўёқлар, ширинлаштирувчилар, шунингдек, кўп миқдорда шакар, туз ва зарарли ёғларни ўз ичига олади.

Чипс, пишириқлар, печене, торт, музқаймоқ, газли ичимликлар, мева шарбатлари, кофе, супермаркет нонлари, шакар қўшилган нонушта ёрмалари, тайёр шўрвалар, макарон ва пицца, сосиска ва колбаса ултра-қайта ишланган маҳсулотлар тоифасига киради. Шунингдек, таркибида турли қўшимчалар мавжуд бўлган йогуртлар ва чақалоқ сут аралашмалари ҳам UPF ҳисобланади.

The Lancet журналида чоп этилган шарҳга кўра, ултра-қайта ишланган озиқ-овқатлар, яъни таркибида уй ошхонасида учрамайдиган қўшимча моддалари кўп бўлган маҳсулотлар семиришдан тортиб депрессиягача бўлган 12 турдаги касаллик хавфини оширади. Булар орасида 2-тур диабет, юрак-қон томир, буйрак касалликлари, депрессия каби хасталиклар бор. Тадқиқот 43 нафар олим томонидан 104 та узоқ муддатли илмий иш асосида тайёрланган.

Дунё овқатланиш харитаси ўзгаряпти

НОВА тизими (озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш даражасига қараб тоифалаш)ни ишлаб чиққан бразилиялик профессор Карлос Монтеиронинг айтишича, ултра-қайта ишланган озиқ-овқатлар (UPF)ларнинг кенг тарқалиши бутун дунё рационини ўзгартириб юборган.

Янги ва табиий маҳсулотлар камаймоқда, уларнинг ўрнини эса саноат ишлаб чиқарадиган, маркетинг орқали кучли тарғиб қилинадиган озиқ-овқатлар эгалламоқда”, – дейди у.

Олимларнинг фикрича, йирик корпорациялар катта фойда эвазига бундай маҳсулотлар истеъмолини оширишга интилмоқда. Сидней университети тадқиқотчиси Филипп Бейкернинг таъкидлашича, вазият тамаки саноати билан курашга ўхшаш даражадаги глобал чоралар кўрилишини талаб этади.