16:20 / 07.02.2018
9916

Тожикистонда 30 ёшга кирган шахслар энди президент сифатида сайланиши мумкин

Фото: News.tj

Тожикистонда энди 30 ёшга тўлган шахслар президент ёки мамлакат парламенти юқори палатаси аъзоси сифатида сайланиши мумкин.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси бугун “Тожикистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида” ва “Тожикистон Республикаси парламенти сайловлари тўғрисида”ги қонунларга тузатишларни маъқуллади.

Тузатишлар ёш чегарасига тааллуқли бўлди, унга кўра, эндиликда 30 ёшга тўлган шахслар мамлакат президенти ёки Тожикистон парламенти юқори палатаси аъзоси этиб сайланиши мумкин.

“Президент сайловлари тўғрисида”ги қонунга яна шундай тузатиш киритилдики, унга кўра президентликка расман рўйхатдан ўтган номзоднинг қўлга олиниши ёки ҳибс қилиниши фақат республика Марказий сайлов комиссияси рухсати билан рўй бериши мумкин.

Бундан ташқари, кўрсатилган қонуннинг янги нормаларига мувофиқ, президентлик сайловларини хорижий давлатлар, ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан молиялаштирилиши тақиқланади.

“Парламентга сайловлар тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишлар билан шундай норма ўрнатилмоқдаки, Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлигига номзод сўнгги беш йил давомида мамлакат ҳудудида истиқомат қилиши керак. Парламент юқори палатаси аъзолиги учун номзодга бу муддат етти йилни ташкил этади.

Top