Ўз даврида турли давлатларни бошқарган айрим одамлар бугун шоҳона ҳаёт кечираётган бўлса ҳам, юртига боролмайди. Дунёда бундайлар анча. Қирғизистоннинг собиқ раҳбарлари Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев, Украина собиқ президенти Виктор Янукович шулар жумласидан. Яқинда улар сафига Суриянинг собиққа айланган президенти Башар Асад ҳам қўшилди.

2024 йил ноябр ойи охири ва декабр ойи бошларида Сурияда президент Башар Асад бошқарувига қарши исёнчи кучлар фаоллашди ва бирин-кетин мамлакатнинг йирик шаҳарларини эгаллай бошлади.

Қаршилик ҳаракати вакиллари мамлакат пойтахти Дамашқ шаҳрига яқинлашганда Башар Асад пойтахтни тарк этди. Сурияда ҳокимият қаршилик ҳаракати ихтиёрига ўтди.

Аввалига Асад ўтирган самолёт ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлиги айтилди. Сўнг у Москвага қочгани ойдинлашди. Асадгача Россия пойтахтидан Қирғизистон ва Украинанинг собиқ раҳбарлари Аскар Акаев ва Виктор Янукович ҳам паноҳ топганди.

Қуйида 20-асрнинг иккинчи ярмидан ҳозиргача бўлган даврда ҳокимиятдан айрилиб, бошқа давлатларга қочган  айрим раҳбарлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Аскар Акаев, Қирғизистон президенти

Аскар Акаев, Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда
stock.adobe.com

1944 йилда туғилган Аскар Акаев Қирғизистонни 1991 йил 31 августдан 2005 йил 11 апрелгача бошқарган. 1990 йилда Қирғизистон Фанлар академияси президенти бўлиб турган Акаев КПСС марказий қўмитаси аъзоси бўлиб сайланади.

Собиқ иттифоқ республикаларида президентлик лавозими жорий этилгач, у 1990 йил кузда Қирғизистон ССРнинг биринчи президенти бўлади.

1991 йил 31 августда Қирғизистон мустақил бўлгач, ўша йили октябрда президентлик сайлови ўтказилади. Унда ғалаба қозонган Акаев мамлакат раҳбари бўлиб қолаверади. 1995 ва 2000 йилларда ўтказилган сайловларда Акаев яна ғалаба қозонади ва Қирғизистонни бошқаришда давом этади.

2005 йил мартда Қирғизистонда “Лола инқилоби” ҳодисалари бошланади ва чорасиз қолган Акаев Москвага қочишга мажбур бўлади. Ўшанда Қирғизистон Бош прокуратураси Акаев ва унинг оила аъзоларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатади.