07:30 / 08.02.2018
8075

Швеция роҳингялар ҳолати бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилишини сўрамоқда

Фото: Reuters

Швеция Мьянманинг Ракҳайн штатида яшовчи мусулмонлар роҳингялар ҳолатини муҳокама қилиш учун  БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилишини сўрамоқда. Бу ҳақда Facebook’да Швеция ташқи ишлар вазири Маргот Вальстрём маълум қилди.    
  
Йиғилишда ракҳайнлик қочқинлар ҳолати ва уларнинг ватанларига қайтарилиши масалалари муҳокама қилинади, деб таъкидлаб ўтган вазир. 

Вальстрёмнинг ёзишича, Швеция БМТ Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзоси сифатида жаҳон ҳамжамияти эътиборини Мьянмадаги вазиятга қаратиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Мьянмалик роҳингяларга ҳужумлар 2017 йил 25 августда кучайиб кетди ва “қуролланган жангариларга қарши кураш” баҳонаси остида олиб борилмоқда. Ҳудуддаги гуманитар вазият кескин ёмонлашган. БМТ маълумотларига кўра, Ракҳайндан Бангладешга қочган одамлар сони 630 мингдан ошиб кетган. 

1970-йиллардан бошлаб мьянмалик мусулмон роҳингялар тизимли ҳужумларга ва этник “тозалашлар”га учраб келади. Шу сабабли бу ерда яшаган 2 млн роҳингяларнинг 80 фоизи қўшни давлатлардан бошпана топишга мажбур бўлган. Айни вақтда Мьянмада 300 минг мусулмон қолган, улар ҳам Бангладешда яширинишга ҳаракат қилмоқда.

Top