Жамият | 20:30 / 09.02.2018
23570
6 дақиқада ўқилади

Электроэнергия. Ҳаракат қилинаяпти, бироқ вазият яхшиланишига анча вақт борга ўхшайди...

Қиш мавсуми тугаб бормоқда. Одатда бу мавсум аксари ўзбекистонликлар хотирасида электр энергияси ва табиий газдаги муаммолар билан муҳрланиб қолади. Буни KUN.UZ таҳририятига деярли ҳар куни келадиган мурожаатлардан ҳам англаш мумкин. Келинг, уларнинг айримлари билан яқиндан танишамиз.

Фото:uza.uz

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидан келган мурожаат:

“Ассалому алайкум. Мен Қашқадарё вилояти, Миришкор тумани, Чандир қишлоғиданман. Мана, Худога шукр, шу йил қишда электр энергияси анча яхши ёнаяпти. Фақат бир муаммо бор. Айни кечки овқатга ўтирган пайт чироқ ўчади, шундан сўнг кечки 10 ларга бориб ёнади. Шанба ва якшанба кунлари бундай ҳолат кузатилмайди. Айтмоқчи бўлганим, электр таъминотини куннинг бошқа пайтида ўчирса бўлмайдими? Ишдан чарчаб келиб ҳордиқ чиқармоқчи бўлганда ёки оила даврасида ўтирганда чироқнинг ўчиши кишини хуноб қилади”.

Андижон вилоятининг Асака туманидан келган мурожаат:

“Ассалому алайкум KUN.UZ’Нинг жонкуяр ходимлари. Мен сизларга Андижон вилояти, Асака туманидан ёзаяпман. Гап шундаки, умуман оганда, бизда халиям ҳеч нима ўзгармаган. Президентимизнинг ёниб гапиришларини кўриб, “Ух, ана хақиқат. Мана энди Худо хоҳласа хаммаси яхши бўлади”, деявериб орадан бир йил ҳам ўтиб кетибди. Бизда эса ҳамон газ йўқ. Электр таъминотидаги 20 йиллик муаммолар ҳамон бор. Интернет масаласига келсак, “Ўзтелеком” оптик толаларни ўтказишни бошлаганди, лекин бу ишлар ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди.

Шу десангиз, бир ярим сотихда 4 оила яшаймиз, жами 11 киши. Уч ака-ука, Худога шукр, ишлаймиз, ҳунармандмиз. Аммо арзон уй-жойларни оломаяпмиз. Бу борада порталга ҳам ёздик, аммо ҳокимият арзон уйлар ҳақида тушунтириш олиб бориб, юборилган мурожаат ижобий ҳал этилди, деб қўл қўйдириб олишди. Доимгидек қоғозда ҳал. Ҳаётда-чи?”.

Фото: ИА Regnum

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан келган мурожаат:

“Ассалому алайкум. Мен Солиев Муслимбек Фарғона вилояти, Бешариқ тумани “Янгиқўрғон” МФЙдан ёзяпман. Илтимос, бу хатим эътиборингиздан четда қолмасин.

Ўзим талабаман. Туғилиб ўсган уйимда электр тақчиллиги юзага келган, табиий газни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Уйимга борганимда ота-онам, укаларим совуқ уйда яшаётганликларини кўриб, раҳмим келади. Ўзи ўртаҳол оиламиз. Мен Тошкентда, иссиқ ётоқхонада ётаман-у, жигарларимни ўйлаб ичимни ит тирнайди. Қани энди ҳозир имкониятим бўлса, уларга шароит қилиб берсам. Қишлоқда ҳеч бўлмаса ёки электр, ёки табиий газ таъминоти узлуксиз бўлсин.

Кўплаб идораларга мурожаат қилдим. “Ўзбекэнерго”нинг Телеграм мессенжиридаги ботига ёздим, аммо туман электр тармоқларидан тайинли ёрдам кўрсатилмади. “Ўзбекэнерго”нинг қуйидаги мазмундаги хатини олдим холос. “Администратор АО "Узбекенерго": Ҳурматли фуқаро! Бешариқ тумани, “Янгиқўрғон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Солиев Муслимбек Муҳаммаджон ўғли мурожаати бўйича телефон орқали боғланиб, ҳозирги кунда электр таъминотидаги тартибсиз ўчишлар сабаби қуйидагича тушунтирилди: Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ босими тушиб кетиши ва оқибатда энерготизимда қувват танқислиги юзага келиши оқибатида 110 кВ линияларимиз УОН автоматикаси ишлаётгани сабаб ўчишлар юзага келаётгани, бу ҳолат вақтинчалик бўлиб, тез кунда таъминот яна изига тушиб, чекловлар маҳаллий ҳукумат билан келишилган график асосида бажарилиши ҳақида тушунтириш берилди”.

Лекин ҳеч нарса изига тушмади. Кейин вилоят прокуратурасига телефон орқали шу масала юзасида ёрдам беришларини сўрадим. Улар яна Туман электр тармоқлари корхонасига айтишди. Яна ўша гаплар, ҳеч қандай ўзгариш йўқ”.

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидан келган мурожаат:

“Ассалому алайкум ҳурматли Kun.uz таҳририяти. Сизларга хат юборишимдан мақсад Самарқанд вилояти, Нарпай тумани, Оқтош шаҳри, “Исломобод” маҳалласи электр таъминотидан шикоят қилмоқчиман.

Менинг кичкина корхонам бор. Ҳозирда алоқа операторлари билан ишлаймиз. Хамма ишимиз компьютер билан боғлиқ. Электр таъминоти яхши бўлмаганидан кейин ишимиз ҳам орқага кетаяпти. Президент порталига бир неча бор мурожаат қилдим. Бир ой, нари борса, йигирма кун ўзгариш бўлади ва яна эски ҳолатига қайтади. Текширувчилар “Мана ака, электр яхши бўлди, энди ёмонланмайди. Шунинг учун давойим йўқ, деб ёзиб беринг”, деб келади. Охирги марта 2017 йил декабрда юборган шикоятимга вилоят электр тармоғидан вакил келиб Нарпай туманидан жуда куп шикоят юборилган, шунинг учун комиссия тузилди, ишлаяпти деган эди. Ростдан ҳам 2017 йил 20 декабрдан то 2018 йилнинг 15 январигача, роппа роса 25 кун умуман узилиш бўлмади.

Ҳозир яна эски ҳолат. Ярим соат ёнади, икки-уч соат ўчади. Туман электр тармоғига борсак, “Самарқанддан диспетчерлар узишаяпти”, деган жавобни оламиз. Президентимиз қарзи йўқни электрдан узма, деган кўрсатмасини Самарқанддаги диспетчерлар бажаришмаяпти. Туман электр тармоғига тахминан 500 000 (беш юз минг) сўм олдиндан пул тўлаб қўйганмиз. Бизга ёрдам берасиз деган умиддамиз”.

KUN.UZ таҳририятига электр таъминоти бўйича республиканинг турли ҳудадларидан мурожаатлар келиши давом этмоқда. Ортиқча гапга ҳожат йўқ, ортиқча иддаоларга ҳам. Барчаси амалий ишларга боғлиқ. Шу сабаб, ўйлаймизки, “Ўзбекэнерго” АЖнинг ҳудудий корхоналари томонидан мазкур муаммолар тез орада ҳал этилади.

Мавзуга оид