Жаҳон | 16:10 / 25.02.2018
9214
1 дақиқада ўқилади

Хитойда давлат раҳбари ваколат муддати учун чекловни бекор қилишмоқчи

Хитой коммунистик партияси Конституцияга ўзгартириш киритиб, давлат раҳбарининг ваколат муддати учун қўйилган чегарани олиб ташлашни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда «Синҳуа» агентлиги хабар тарқатди.

«Хитой коммунистик партияси ХХР раиси ваколат муддатини ўзгартириш учун Конституцияни ўзгартиришни таклиф қилмоқда», дейилган хабарда.

Қайд этилишича, Конституциядан давлат раҳбарининг ваколат муддати бўйича чекловни олиб ташлашдан ташқари, ХХР вице-раиси лавозимини кетма-кет икки мартадан ортиқ эгаллашга бўлган тақиқни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Бундай ўзгаришлар Сиёсий бюро мажлисидан кейин пайдо бўлди. 26 февраль куни партия Марказий қўмитасининг 3 кунлик йиғилиши бошланади.

Конституцияга мувофиқ, бир киши беш йилдан икки муҳлатга мамлакат раҳбарлигига сайланиши мумкин.

Амалдаги раис Си Жингпин 2023 йилга қадар ушбу лавозимда туриши мумкин. Агар ташаббус ижобий қабул қилинса, у 2023 йилдан сўнг ҳам ҳокимият тепасида қолиши мумкин бўлади.