Жаҳон | 21:30 / 28.02.2018
5005
2 дақиқада ўқилади

АҚШда спорт маҳсулотлари сотувчи энг катта ритейлер милтиқлар сотишни тўхтатди 

АҚШдаги спорт маҳсулотлари сотувчи энг катта ритейлер Dick's Sporting Goods Флоридадаги мактабда 17 кишининг ҳаётига зомин бўлган отишма содир бўлгандан кейин штурм милтиқларини савдодан олди. Бу ҳақда MarketWatch хабар бермоқда. 

Бундан ташқари, компания 21 ёшгача бўлган шахсларга ўқотар қурол сотишни тўхтатади ва ўқдони сиғими катта қуролларни сотишдан воз кечади.  

“Биз АҚШ конституциясига иккинчи тузатмани қўллаб-қувватлаймиз ва ҳурмат қиламиз ҳамда АҚШда қуролга эгалик қилувчи кўпчилик унга масъулият билан эгалик қилишини тан оламиз ва буни қадрлаймиз. Бироқ биз олдимизда турган муаммони ҳал қилишда ёрдам беришга мажбурмиз. Ўқотар қурол қўллаш билан зўравонлик амалга ошириш кўплаб одамлар, жумладан болаларнинг ҳаётини олиб кетаётган эпидемияга айланди”, деб айтган ритейлер раҳбари Эдвард Стек.

Dick's’нинг акциялари 28 февралдаги савдолар вақтида 0,9 фоизга ошди. Бу орада қурол ишлаб чиқарувчи Sturm Ruger ва Smith&Wesson компаниялари акциялари 3,3 ва 1 фоизга тушиб кетган. 

Флоридадаги отишмани содир этган 19 ёшли Николас Круз AR-15 автоматик милтиғидан фойдаланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу милтиқдан отиладиган ўқ тезлиги оддий тўппончаникидан 3 марта каттароқдир ва бунинг оқибатида ички аъзоларга кўпроқ зарар етказади. Ҳужумдан кейин ОАВ ва ижтимоий тармоқларда АҚШда қурол сотишни чеклаш ҳақида кўплаб чорловлар пайдо бўлган.

Мавзуга оид