Жаҳон | 12:33 / 02.03.2018
27834
2 дақиқада ўқилади

Британия мудофаа вазири Путиннинг янги қурол ҳақидаги баёнотини таҳдид деб атади

Фото: Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги

Буюк Британия мудофаа вазири Гэвин Уильямсон Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал йиғинга мурожаатида энг янги қурол тизимлари ҳақидаги баёнотини “турмуш тарзимизга таҳдид” деб атади.    

Путин 1 март куни парламентга мурожаатида Россияда яратилган энг янги стратегик қуроллар ҳақида маълумот бериб ўтган.

“Биз турмуш тарзимизга кучаяётган таҳдидни кўрмоқдамиз ва воқеаларнинг бундай ривожланиши ҳимоямизни асло бўшаштирмаслигимиз кераклигини яна бир бор эслатади”, деб айтган Уильямсон. Унинг таъкидлашича, Россия “эскалация ва иғво йўлини” танлади.

Путин ўз нутқида Россиянинг стратегик ядровий кучлари таркибига 80 та янги қитъалараро баллистик ракета, 102 та сув ости баллистик ракетаси ва стратегик мақсаддаги учта сув ости ракета крейсери “Борей” кирганини маълум қилган. Путиннинг айтишича, Россия парвознинг баллистик траекториясини қўлламайдиган ва шу сабабли ракеталарга қарши мудофаа тизими томондан уриб тушира олинмайдиган стратегик қуролларни яратишни бошлаган.     

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид