Жамият | 18:40 / 02.03.2018
26432
11 дақиқада ўқилади

Наманганда қоғозда очиқ, амалда ёпиқ кўча можароси

«KUN.UZ» таҳририятига Наманган вилоятидан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Наманган шаҳридаги «Ифсархон» маҳалла фуқаролар йиғини, Навоий 1-ўтиш кўчасида яшовчи фуқаролардан келиб тушган мурожаат анчагина баҳсли. Унда шундай дейилади:

«Биз яшаб турган кўчага кираверишга бино қурилиб, йўл беркитиб қўйилди. Натижада, кўчамизга махсус хизмат машиналари кириб-чиқишига имконият бўлмаяпти. Мутасадди ташкилотларнинг мазкур жойда кўча бўлиши зарурлиги тўғрисидаги хулосалари борлигига қарамасдан қурилиш ишлари давом эттирилиб, кўчамиз батамом беркитилди. Ушбу мурожаатимиз юзасидан барча ҳужжатлар бор. Раҳбарлар арзимизни эшитишни хоҳлашмаяпти. Сизлардан илтимос, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатсангиз. «Исфархон» МФЙ фуқаролари номидан меҳнат фахрийси Мамадали Ҳожиев».

«KUN.UZ» таҳририятининг вилоятдаги мухбири мазкур масалага аниқлик киритиш, бу борада фуқаролар ва тегишли мутасаддилар фикрларини ўрганиш мақсадида «Исфархон» маҳалласида бўлди.

Хусанбой Юсупов, меҳнат фахрийси:

«Маҳалламиздаги ёши улуғ мўйсафидларнинг гувоҳлик беришича, Наманган шаҳрини қўшни вилоятлар билан боғловчи «Бобуршоҳ» проспектида жойлашган Навоий 1-ўтиш кўчаси ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ўтиш йўли бўлган. Кейинчалик собиқ колхоз раисига уй қурилгач, йўл беркитилган. 2011 йили шаҳар марказида жойлашган бу ҳудудда Биринчи Президентимиз қарорига биноан кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. Айрим хонадонлар бузилиб, унинг ўрнида кўпқаватли уйлар қурилиши натижасида йўл яна очилган.

Бироқ қурилиши тугалланмаган бинони кенгайтираётган Фозилжон Иномов 2017 йилнинг октябрь ойи ўрталарида кўчамизга кирувчи қатнов йўлини тўсиб, девор қурмоқчи бўлди. Бу ҳолатга эътироз билдириб, Наманган шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдик. Бироқ шаҳар ҳокими ўринбосари Анвар Тожимирзаев келиб, мавжуд ҳолатни чуқур ўрганиш, муаммони ҳал этиш ўрнига бизга баланд оҳангда гапириб, «ҳаммамизнинг ҳовли жойимизни ўрганиш, текшириш учун гуруҳ ташлаши, керак бўлса, хонадонларимизни буздириб ташлаши» билан таҳдид қилди. У кўча беркитилиши, девор албатта қурилишини айтиб, ўзидан ёши катта кишиларга бақира кетди. У ўзи билан бирга келган ички ишлар ходимининг бундай қилиш нотўғри иш бўлиши ҳақидаги сўзларига ҳам қулоқ солмади. Кўча беркитилиб, тунука билан тўсиб қўйилди.

Маълум бўлишича, Навоий 1-ўтиш кўчасининг шарқий томони Наманган шаҳар ҳокимининг 2017 йил 13 ноябрдаги 1418-сонли қарорига асосан «Бобуршоҳ Наманган» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиши тугалланмаган меҳмонхона биносининг орқа томонида қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли беркитиб қўйилади.

Аҳмаджон Жамолов, шу кўчада истиқомат қилувчи фуқаро:

«Ўтиш йўлимиз тўсиб қўйилгач, биз бир нечта давлат идораларига мурожаат қилдик. Лекин бундан ҳеч қанақа ижобий натижа бўлмади. Ҳатто, маҳалладошларимиз Ҳусанбой Юсупов ва Мамадали Ҳожиев ҳам бу масалани 2018 йил январь ойида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг қабулида ўтказилган мулоқотда ҳам кўтаришди. Аммо вилоят раҳбари йўл бекитилиши, Фарғона водийсида ягона муҳташам меҳмонхона барпо этилишини маълум қилган. Энг қизиғи, шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, архитектура ва қурилиш бўлими каби ташкилотларга оғзаки ва ёзма мурожаатларимизнинг барчасидан бир хил жавоб олдик: «Сизнинг мурожаатингиз Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги аҳоли пунктларини комплекс қурилишини назорат қилиш ҳудудий комиссиясининг навбатдаги йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллар иштирокида кўриб чиқилиши ҳақида маълум қилинади». Афсуски, комиссия деганлари маҳалладан фаолларни чақирмасдан туриб, ўзларича муҳокама ўтказиб юборишган.

Кўчамиздаги мавжуд 33та хонадонда икки юзга яқин киши истиқомат қилади. Қийналиб, кўчанинг орқа томонидан ҳаракатланишга мажбурмиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳозир ҳаракатланаётган кўчамиз ниҳоятда тор бўлиб, ҳовлиларга кириб-чиқишда бир қатор ноқулайликлар юзага келади. Ўз навбатида, тиббий ёрдам машиналари минг машаққат билан кириб чиқади. Худо кўрсатмасин, ёнғин ёки бирон бир фавқулодда кўнгилсиз ҳодиса юз бергудек бўлса, айтинг, бизнинг ҳолимиз ҳақида қайси мутасадди жонини койитиб, ташвиш қилади?»

Кўчаси беркитиб қўйилган, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларидан нажот топа олмаган фуқаролар 2017 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат этишларига тўғри келди. Мазкур мурожаат 23 ноябрь куни Президентнинг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси томонидан «Исфархон» МФЙ, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Наманган шаҳар ёнғин хавфсизилиги бўлими, давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, архитектура ва қурилиш бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жойида ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳ ҳақиқатан ҳам Навоий 1-ўтиш кўчасида аҳоли зич жойлашгани ва фавқулодда ҳолатларда автомобилларнинг ҳаракатланиши қийинлигини инобатга олиш ҳақида далолатнома тузди. Натижада, ўтиш йўлининг қатнов қисмини очилиши таъминланди.

Аммо фуқаролар  бу қувончи узоққа чўзилмади. Орадан 15 кун ўтиб-ўтмасдан, аниқроғи Конституциямизнинг 25 йиллиги нишонланган 8 декабрда тадбиркор Фозилжон Иномов томонидан фуқароларга ҳеч қандай изоҳ берилмаган ҳолатда, ўтиш йўлига бетон қуйилиб, девор билан тиклаб, ўтиш йўли яна берк ҳолатига келтирилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза юритамиз: одамлар Президентнинг Халқ қабулхонасига мурожаат этишгачгина муаммо ҳал этилди. Одамларнинг давлатга бўлган ишончи ортгандай туюлди. Мурожаатдан мамнун бўлган фуқаролар мамлакатимиз раҳбарига миннатдорлик сўзларини билдиришди. Муаммони ечдик, дея далолатнома ҳам тузилди. Йўл очилди-ю, барчаси «жойига тушгач» яна беркитиб қўйилди. Бу билан маҳаллий давлат идоралари мутасаддилари кимни алдашяпти ўзи? Биз бундай кўзбўямачилик билан ишлашдан қандай манфаат топамиз. Президентимизнинг 2017 йил декабрь ойида Олий Мажлисга қилган мурожаатида қайд этилган «Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз» деган фикрига Наманган вилоятидаги амалдорларнинг муносабати шуми?!

Чунки, Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчаси 8 «б» уйда жойлашган кўчмас мулк объектига № 25024-рақамли кадастр ҳужжати ҳамда шаҳар ҳокимининг 2017 йил 13 ноябрдаги 1418-сонли қарорига асосан «Бобуршоҳ Наманган» МЧЖга тегишли савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ўз ичига олган меҳмонхона бино ва иншоотлари эгаллаган ва расмийлаштириб берилиши сўралган. Тезлик билан бу ҳақдаги лойиҳа таклифи тайёрланиб, тасдиқлатиб олинган. Қолаверса, қурилиш ишларини кенгайтириш учун икки хонадон буздирилиб, ҳовли жой ҳудуди тадбиркор ихтиёрига бериб юборилган. Хонадон соҳиблари эса бошқа ердан уй-жой билан таъминланган.

Ачинарли томони шундаки, вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан Навоий 1-ўтиш кўчасини беркитмаслик лозимлиги ҳақида тадбиркор огоҳлантирилишига қарамасдан вилоят ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари томонидан ўтиш йўли тўсиб қўйилишининг олдини олиш чоралари кўрилмаган.

Жумладан, вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Абдураззоқ Абдухолиқов томонидан 2017 йил 30 ноябрда имзоланган билдиришномада жумладан шундай дейилган:

«Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчасида фуқаро Фозил Инамов томонидан меҳмонхона қуриш даврида Наманган шаҳри Навоий 1-ўтиш кўчаси беркитилгани ва бу фавқулодда вазият, тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа хизмат автомашиналари кириб чиқишига тўсқинлик қилиши тўғрисида тушунтирилиб, кўчани тўсиб қўйган материаллари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олдириб ташланди, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслиги тўғрисида тушунтирилди».

2017 йил 12 декабрь куни Наманган вилояти архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Холмирзаев тасдиқлаган хатда ҳам шу ҳақда қуйидагича сўз боради:

«Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонасига ушбу масала юзасидан келиб тушган мурожаатни ўрганиш бўйича тузилган гуруҳ томонидан 2017 йил 23 ноябрь куни тузилган далолатномани инобатга олиб, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси Наманган шаҳри Навоий 1-ўтиш кўчаси аҳоли зич жойлашгани ва автомобиллар ҳаракатланиши қийинлигини инобатга олиб, кўчани қатнов қисмини очиш, мақсадга мувофиқлигини билдиради».

Маҳалла фуқароларининг фикрларини тинглаб, масала юзасидан фикрини эшитиш ҳамда фуқаролар билан масала жойида кўриб чиқилишига кўмаклашишини сўраб, Наманган шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Анвар Тожимирзаевга қўнғироқ қилдик. Афсуски, ушбу масалага масъул бўлган мутасадди раҳбардан жўяли жавоб ололмадик. Қолаверса, у фуқаролар билан кўришишга вақти йўқлигини маълум қилди.

Масала юзасидан бизни қабул қилган Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қуйидагиларни маълум қилди:

«Бу масалани тегишли мутахассислар билан атрофлича ўрганиб чиқдик. Бу кўча Наманган шаҳар Бош режасида берк кўча сифатида белгиланган. Бобуршоҳ кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинода ички туризмни ривожлантириш, вилоятга туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида вилоят ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан фуқаро Фозил Инамов томонидан беш юлдузли меҳмонхона барпо этилмоқда.

Беш юлдузли меҳмонхона қуришнинг ўзига хос талаб ва шартлари мавжуд. Мана шу талабдан келиб чиққан ҳолда, меҳмонхона олдига бассейн, дам олиш хоналари, ҳовли саҳни кабиларни ҳам қуришимиз керак. Меҳмонхона ишга тушгач, янги 100та иш ўрни яратилади. Албатта, иш ўринларига биринчи навбатда шу ҳудудда яшовчилар танлаб олинади. Кўча масаласини мутахассислар билан жойига бориб, сизлар билан яна атрофлича гаплашамиз. Балки, кўчанинг тор қисмларини кенгайтириш билан бу муаммони ечиш чорасини излаб кўрармиз».

Ҳокимнинг фикрларини эшитган ҳолда айтиш лозимки, тадбиркорлик ва туризмни ривожлантириш борасида чора-тадбирлар кўрилаётгани эътиборга молик. Лекин бу ишларни одамларга ноқулайлик келтириш, ўтиш йўлини бутунлай тўсиб қўйиш ҳисобига киришиш тўғрими? Зеро, барча саъй-ҳаракатларимиз замирида халқимиз манфаатларига мужассам бўлиши шарт.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

журналист.

Мавзуга оид