Ўзбекистон | 00:03 / 11.03.2018
53150
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Аввал халқни эшитиш, сўнгра қарор қабул қилиш керак»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикасига уюштирган давлат ташрифи давомида бугун қўшни давлат парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров билан учрашгани ҳақида аввалроқ ҳам хабар берган эдик.

Asia-plus медиа гуруҳининг Тожикистон парламенти қуйи палатаси матбуот хизматига таяниб ёзишича, Шавкат Мирзиёвнинг Тожикистон Республикаси Олий мажлисининг намояндалар мажлиси раиси Шукуржон Зуҳуров билан учрашувида томонлар икки давлат парламентлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

«Биз Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Тожикистон намояндалар мажлиси ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни кучайтиришимиз керак. Парламент доимо халқ иродасини ифода этади, шу сабабли халқларимиз нимани исташаётганини билишимиз муҳим», — деган Мирзиёев.

Мирзиёев парламент ишини жуда яхши билишини таъкидлаб ўтган.

«Мен 15 йил давомида парламентда ишлаганман ва ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, аввалига халқни эшитиш, кейин қарор чиқармоқ керак, аксинча эмас», — деган Ўзбекистон раҳбари.

Ўз навбатида, Шукуржон Зуҳуров Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида яхши қўшничилик алоқалари ўрнатилишида Шавкат Мирзиёевнинг муҳим хизмати бўлганини қайд этиб ўтган.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида конструктив мулоқот айнан сиз ҳокимият тепасига келганингиздан сўнг ўрнатила бошлади. Ишончингиз комил бўлсин, яхшиликни унутмайдиган тожик халқи сизнинг эзгу ниятларингизни ва сиёсий иродангизга муносиб баҳо беради», — деган Зуҳуров.

Мирзиёевнинг президентлик фаолиятидаги биринчи йилининг ташқи сиёсатдаги муҳим ютуқлар ҳақида гапирар экан, Зуҳуров нафақат Тожикистон, шунингдек, Қирғизистон билан ҳам муносабатлар илиқлашгани, ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида илғор натижаларга эришилганини қайд этиб ўтган.

«Биз тожикистонликлар эртами-кечми бизнинг кўп асрлик яхши қўшничилик алоқаларимизда, албатта, яхши кунлар келиши ва ҳаммаси ўз изига қайтишига ишонар эдик. Шу сабабли сизнинг Душанбега ташрифингиз Тожикистон ва Ўзбекистон учун чиндан ҳам муҳим воқеа саналади», — деган Тожикистон парламенти раиси.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси тожикистонлик парламентарийлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан кенг қамровли ва максимал даражада сермаҳсул муносабатларга тайёр эканлигини айтиб ўтган.

«Сизнинг ташрифингизни мабодо тарихий воқеа деб атаб бўлмаса, иккиланмасдан Ўзбекистон ва Тожикистон иккитомонлама муносабатларида мисли кўрилмаган дейиш мумкин. Фикримча, тожиклар ва ўзбеклар бирга бўлишлари керак, сўнгги мураккаб йиллар асрлар оша мустаҳкамланиб келган дўстлигимиз тарихи олдида ҳеч нарса эмас. Аминманки, сизнинг бой тажрибангиз раҳбарлик иқтидорингиз ва мураккаб масалаларни ҳал қилиш қобилиятингиз билан бирга биз учун дўстона бўлган Ўзбекистоннинг ривожланиш йўлида ҳали кўп асқотади», — дея ўз сўзларини якунлаган Шукуржон Зуҳуров.

Мавзуга оид