08:05 / 12.03.2018
7023

Leica’нинг биринчи фотокамераларидан бири рекорд нархга сотилди

Фото: AFP

Leica брендининг биринчи фотокамераларидан бири Венадаги Westlicht аукционларидан бирида фотоаппаратлар учун рекорд қийматдаги 2,976 млн долларга сотилди. Бу ҳақда аукцион уй ўз сайтида маълум қилди. 

“Бу рекорд қиймат Leica бренди нуфузи мунтазам ошиб бораётганини намойиш қилади”, деб айтган Leica Camera AG немис компанияси раҳбари Андреас Кауфман. Маълум қилинишича, фотоаппаратни осиёлик номаълум хусусий коллекционер сотиб олган.

Leica Camera AG сайтида маълум қилинишича, бу камера Leica бренди асосчиси Эрнст Лейтц томонидан 1923 йилда – Leica’ илк серияли аппаратлари ишлаб чиқарила бошланишидан 2 йил аввал яратилган. Ўшанда яратилган 25 та фотокамерадан фақат учтаси, жумладан аукционда сотилгани ҳамон ишчи ҳолатда. Камера Oakly спорт кўзойнаклари ва экипировкаси бренди ҳамда рақамли кинокамералари ишлаб чиқарувчи RED компания асосчиси америкалик Жеймс Жаннард коллекциясида сақланган.

Аукцион уй маълумотларига кўра, бу камера дунёда сотилган энг қиммат фотокамера бўлди. Аввалги рекордчи ҳам Leica’га тегишли бўлиб, 2012 йилда Westlicht аукционида 2,66 млн долларга сотиб олинган.

Мавзуга оид
Top