1991 йилда Вена шаҳридан бўлган талабалар гуруҳи Прага фотоаппаратлар дўконидан арзон “ЛОМО Компакт-Автомат” фотоаппаратини харид қилишди. Улар орасида рақамли технологиялар даврида аналог камералар ва плёнкаларни сотадиган Lomography компанияси асосчилари - Салли Бибэви ва Маттиас Фигель ҳам бор эди.

“ЛОМО Компакт-Автомат” камераси ўша вақтда машҳур эмасди. Эсдалик учун бир неча фотоаппаратни олиб, талабалар Венага қайтишди. Уйда Бибэви ва Фигель камералар ғаройиб, яъни сифати паст, яроқсиз суратлар олишини сезиб қолишди. Камеранинг ён тарафидан ёруғлик тушгани учун плёнканинг баъзи қисмлари ўзгача кўриниш касб этар, баъзида суратларда ғалати, ноодатий тутун эффекти пайдо бўларди.

Фото: Lomography

Бибэви ва Фигелнинг сўзларига кўра, улар бундай камерани айни вақтда топиб олишди. Суратларни “пайдо қилиш” ўша пайтда арзон эди ва деярли ҳар бир одам бундай фотоаппаратни сотиб олиши мумкин эди. Бироқ фотографияда муайян қоидалар мавжуд бўлган: кадр композициясини тўғри қўйиш, эҳтиёткорлик билан суратга олиш ва суратни пайдо қилиш вақтида оқариб қолган жойлар ва бошқа камчиликларга эга суратларни ташлаб юбориш.

Бибэви ва Фигель бу қоидадан халос бўлишни исташди. Улар Ломографик жамият яратишди – ном ўша ғаройиб камера шарафига қўйилди. Жамият томонидан муаллифи кўрсатилмаган “яроқсиз” суратлар иштирокидаги кўргазмалар ўтказиларди. Бундай ёндашувни Фигель “демократик” деб номларди. Янги йўналиш яратувчилари одамларнинг фотографияга нисбатан муносабатини ўзгартириб, у билан нафақат профессионаллар, балки барча шуғулланиши, ўзи билан фотоаппарат олиб юриш кераклиги ва олган суратларидан мамнун бўлишни исботламоқчи эдилар. Ломография ўзини сураткаш санаганлар учун эмас, камераси бор ҳар қандай одам учун мўлжалланганди.

– Ўша вақтларда одамлар йилига фотоплёнканинг бир ярим кассетасини сарфлашарди – суратларни фақат туғилган кун ва Янги йил кечасида  олишган, - дея ҳикоя қилади Бибэви. – Биз эса умуман бошқача йўл тутишни таклиф этдик: одамларга фотоаппаратни доим ўзлари билан олиб юришлари ва ҳамма жойда суратга тушишни айтардик.

Қизиғи фотография қоидаларидан халос бўлишни истаган жамиятнинг ҳам ўз қоидалари бор эди. Ломографиянинг “10 та олтин қоидаси” мана бундай:

  1. Камерани доим ўзинг билан олиб юр.
  2. Ундан доим – кундуз куни ҳам, тунда ҳам фойдалан.
  3. Ломография ҳаётингга халақит қилиши эмас, унинг бир қисмига айланиши керак.