Жамият | 23:20 / 13.03.2018
14060
1 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги «Сўғдиёна» истироҳат боғида бузиш ишлари олиб борилмоқда

Самарқанд шаҳридаги “Сўғдиёна” истроҳат боғидаги кўп йиллик чинорлар ва тераклар кесиб ташланиб, мавжуд бино ва иншоотлар бузиб ташланмоқда.

Истироҳат боғи ҳудудидаги футзал спорт саройи, унга кираверишдаги сунъий қопламали футбол майдончаси ҳам бузиб ташланган.

Кун.узга етказилган маълумотларга кўра, қаровсизлиги сабабли ташриф буюрувчилар сони йилдан йилга камайиб борган истироҳат боғи ўрнига муз спорт мажмуаси қад кўтаради. Келгусида ушбу мажмуада фигурали учиш, конкида учиш ва хоккей каби спорт турлари ривожлантирилиши назарда тутилган.

Самарқандда айни пайтда Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи, шунингдек, Темирйўл вокзали яқинида “Ёшлик” истироҳат боғи ҳордиқ чиқарувчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Университет хиёбони, СамАвто заводи олдида ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти хиёбонида сайр этувчилар учун яшил зоналар фаолият кўрсатмоқда.

 

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид