Жаҳон | 19:45 / 19.03.2018
16266
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президентининг китоблари: чой, ҳарбийлар ва отлар ҳақида

Фото: AFP

Жорий йилнинг 2 март куни Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзининг янги китобини кенг жамоатчиликка таништирди. Давлат раҳбарининг мазкур асари 2018 йил нашрдан чиққан илк муаллифлик китоби бўлиб, амалдаги президентлик даври учун тахминан қирқинчи китоб саналади.

«Аркадағ доктринаси - саломатлик ва илҳомланиш асоси» деб номланган янги асар мамлакатда олиб борилаётган спортни оммалаштириш сиёсатини очиб беришга ҳаракат қилади. Президент китоб тақдимотида тадбир иштирокчиларига нашрдан чиққан китобнинг нусхаларидан совға улашганди.

Фото: Туркманистон президенти матбуот хизмати

Аслида Бердимуҳаммедов турли мавзуларга мурожаат этишни ёқтиради: чой, отлар, мусиқа, доривор ўсимликлар, ҳарбийлар ва давлат бошқаруви шулар жумласидандир. 

2017 йилда Бердимуҳаммедов 4та муаллифлик китобини эълон қилган бўлиб, йил охирида бешинчисига қўл ургани ҳақида билдирганди. Ўтган йили 17 февралда унинг «Мардлар ватанни улуғлайди» номли китоби нашрдан чиққанди. Навбатдаги китоб мамлакат Қуролли кучлари келажакда қандай шаклланиши лозимлиги ҳақида тасаввур беради.

Фото: Туркманистон президенти матбуот хизмати

2017 йил 12 августда эса Туркманистон ИИВ ҳарбий қисмларидан бирида президентнинг «Мард йигитлар ғайрат учун туғилур» асари тақдимоти бўлиб ўтди. Бир ой ўтиб, президент зотдор туркман отлари ҳақида ижодни бошлаб юборгани эълон қилинганди. Бироқ, шу пайтгача бу китобнинг тақдири номаълумлигича қолган.

Ўтган йилнинг 28 сентябрь ва 9 октябрь кунлари Туркманистон давлат раҳбари кетма-кет иккита китобини эълон қилди. Статистикага кўра, Гурбангули Бердимуҳаммедов 2016 йилда 7та китоб ёзиб, нашрдан чиқарган.

Фото: Туркманистон президенти матбуот хизмати

Булардан ташқари, ҳар йили президентнинг маърузалари тўплами якка китоб шаклида ҳам нашр этилади. Масалан, 2017 йилда 10 томдаги шу туркумдаги тўплам оммага тақдим этилган.

Мавзуга оид