Жамият | 21:30 / 20.03.2018
55205
7 дақиқада ўқилади

«Нурсиз келажак»ка элтаётган таълим тизими. Ким айбдор?

Айрим пайтда талабалик қурсин, энди ўқимайман, деб араз қилишни бошлайман. Менинг иродасизлигим ўқишни эплай олмаслигимда эмас, балки «нурсиз келажакка» етаклаб бораётган таълим тизими неки умидим бўлса, бирма-бир бўғиб ўлдиришида. Гапнинг пўсткалласидан бошлай: бу тизим яралишида, аввало талаба айбдор. Кейинчалик, таёқчани ўқитувчилар илиб кетди. Ана шундан бери марафон давом этади. Келинг, шу бугун айрим масалаларга кўзни очиб, қарашни ўрганамиз.

Ишсизлик

Ҳар қандай ривожланган давлатда ҳам ишсизлик - энг оғриқли ижтимоий масала ҳисобланади. Бундан кейин ҳам ушбу муаммога қарши кураш абадий давом этса, не ажаб. Бироқ, бир хусусият борки, муаммони ўз номи билан атаб, уни тан олишимиз керак.

Ўзбекистонда ишсизликни келтириб чиқарувчи биринчи омил - кадрлар сиёсатида тайёрланаётган сохта рақамлар, деб биламан. Ўрнатилган тартибга кўра, ОТМ қабул квоталарни аниқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимлик, идора ва ташкилотларга сўров хати юборади. Шунингдек, Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда, квоталар белгиланади. Сохталик шундан иборатки, сўров хатида 2022 йил учун фалон йўналишда қанча кадрга эҳтиёж пайдо бўлиши мумкин, дейилади. Қарабсизки, аниқ бир масъулиятни юкламаган сўров хатига турли рақамлар билан жавоб бериш ҳам қийин эмас. ОТМ эса мана шу рақамларга асосланиб, қанчадир абитуриентларни маълум бир йўналишга ҳужжат топшириши учун квотани эълон қилади. Ваҳоланки, 4 йилдан сўнг, битирувчиларни тайёр ўриндиқ ё ёруғ офис кутиб турмайди. 

 

Аслида бу амалиёт бозор иқтисодиёти қоидалари билан тартибга солинса, Ўзбекистонни ривожлантириш учун етарли ва керакли кадрлар тайёлаш механизми ўз-ўзидан пайдо бўлади. 

Маъруза ва семинар

Қадим даврлардан буён ўқитувчи ўз билимини шогирдларига ўргатиб келган. Келаси сафар шогирдлар ўқитувчининг синовидан ўтиб, билимларни қанчалик ўзлаштирганини исботлаб берган. Бу механизм 2000 йил ўтиб, ривожланган давлатлар тажрибасида ўзгартирилди. Масалан, профессор машғулотлардан аввал бир мавзу юзасидан турли қарашга эга тадқиқотчи, олим ёхуд амалиётчиларнинг ишлари билан танишиб чиқишни тавсия этади. Масалан, Х китобнинг 44-89 бетлари, Y докладнинг 2-33 бетлари, Z маърузанинг тўлиқ видеолавҳаси билан танишиб чиқиш тавсия этилади. Машғулот пайтида профессор мавзуга кириш қилиб, асосий мазмун ва моҳиятни очиб беришга ҳаракат қилади. Сўнгра, тавсия этилган адабиётлар бўйича фикрлар тўқнашувига эътибор қаратади. Профессор аввалдан тайёрлаган кейслар бўйича турли қарашларни ўртага ташлайди. Талабалар муҳокамада фаол қатнашади. 

«Суқрот услуби» деб номланган оддий қоида билан Ҳарвард ҳам катта мувафаққиятларга эришди, наҳот буни ўзлаштириш қийин?! Тез орада инсоният иш жойида автоматика ва роботлар рақобат қилишини тасаввур қила олсангиз, бизнинг таълим тизимимиз кадрларни рақобат учун эмас, қоғоздаги ёзувлар учун олиб борилаётганига ишончингиз комил бўлади.

Бир таклиф беришдан қўрқаман

Умуман таълим тизимини ислоҳ қилиш учун кўплаб ғоя ва таклифлар пайдо бўладию, юрак ютиб, айтишга қўрқаман. Гап шундаки, ҳар қандай «олтин фикр» маҳаллий таълим тизимимизда самарасиз, қолоқ ва буйруқбозлик кампаниясига айланиб қолади. Чет элда таҳсил олаётган талабалар олийгоҳларнинг ўзига тегишли хабарлар алмашинуви платформаси мавжудлигини билдирса, тезкорлик билан бу маррага эришиш учун мутасаддилар таклифнинг асл мазмунига эътибор ҳам қаратмайдида, ана шу платформани яратиб қўяди. 

Атрофга қаранг, хорижий олийгоҳларда баҳолаш тизими бошқача экан, дейилса, бас! Шу заҳоти амалдаги баҳолаш рейтинг тизимига ўзгартиришлар киритилмоқда. Слайдларни тақдим этувчи проектор кенг тарқалди, аммо ундан мақсадли фойдаланишни ҳали ҳам ўрганмадик. Ваҳоланки, янги ғоя ёки таклифни амалиётга жорий этиш бошқа, уни бажара оладиган педагоглар жамоасини қайта тарбиялаш бошқа масала эканини уқтириб бўлмаяпти!

Шу фан керакми?

Айрим олийгоҳларда собиқ Совет давридан бери талабаларга ўргатилаётган билимлар, фанлар мавжуд. Уларни ислоҳ этиш, янгилаш кўпчиликни қизиқтирмайди. Масаланинг оғриқли жиҳати бу эмас, балки номутахассислик фанлари бўйича «қаттол» домланинг дарсларига туни билан тайёрланишдир. Масалан, хорижий филология ва таржимонликни ўрганмоқчи бўлган талабанинг вақти математика, валеология, маънавиятшунослик каби фанларни ўрганишга зое кетмоқда. Ҳар қандай фанни ўқув жадвалига қўшишда асос қилиб бирор важни келтириш мумкин, аммо мантиқ тарозисида тортилмаган важлар ҳозиргача ҳеч кимга фойда келтирмади.

Хорижий олийгоҳларнинг энг кучли томони шундаки, унда таълим бераётган профессорлар муаллифлик курсларини ташкил этиб, талабаларга билим беради. Бизнинг ҳолатда эса сал ғализ вазият пайдо бўлган: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги аввалдан ким, қайси дарсликдан фойдаланиши шартлигини белгилаб берган. У ҳолда ОТМдаги Илмий Кенгашдан қандай наф бор? Ўйлайманки, ҳар бир олийгоҳ мустақил қарор чиқариш, ўқитиш тизимига эга бўлиши лозим. Кези келганда, ҳукуматга ҳам тавсиялар ишлаб берувчи Стенфорд университети ҳеч қачон ташқи таъсир остида ўқитиш тизимини ўзгартирмаганку!

Нега сўз бошида айбнинг каттасини талабанинг зиммасига юкладим? Сабаби - талаба университетда жазо муддатини ўтаб юрган маҳкум сингари мум тишлайди, ундан бир сас эшитмайсиз. Ўзини қийнаган масалаларни раҳбариятга билдирмайди. Мабодо билдирса, мавжуд ҳолатга рози тенгдошлари уни гуруҳнинг «ақлли» кишисига чиқаради. Ё ғалвасиз бошини қотирувчи деканат шай бўлади.​​

Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимида қалашиб кетган муаммоларни айтиш учун «гап кўп, ўтин кам». Бу вазиятда халқимиз ҳозирча бир нарсадан ютқазмоқда: билимли ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга ёшлар хорижга чиқиб кетиши ортмоқда. Балки, сиз Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини битирмай тарк этган «олтинбошлар» ҳақида эшитмагандирсиз?! Кейинги мақолада бу ҳақда мушоҳада этамиз.​

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид