Жамият | 16:40 / 20.03.2018
29959
2 дақиқада ўқилади

«Зўраки бой». Яна исрофгарчилик маросимлари ҳақида

1914 йилда ҳақпарвар аждодимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий «Ойна» журналида «Зўраки бой» сарлавҳали мақола эълон қилган. Унда шундай жумлалар бор: «Чунончи, «Зўраки бой» жанобларини ўн минг сўмлик мероси, боғ ва хонаси бор эди. Бу одам агарда боғини яхши ишлатса, мувофиқи шариат ва инсоф тириклик қилса, исрофгарлик этмаса, тўй ва азо деб ўзини барбод этмаса, албатта ортдурарди. Бу одам ўзидек ва ҳатто, ўзидан оз нимарсалик кишиларни кўрарга ўғул тўйиға икки-уч минг сўм сарф этар. Ўғлиға хотун олиб берса яна бир, икки, уч минг сўм сарф этар. Бир ўлук кўмса, беш-олти юз сўм харж этар. Ҳатто, олти ойлик баласини сочини олганда ва ё олти кунлик баласини бешикға боғлаганда бир-икки юз сўм сарф этар. Фотиҳа, чанлади, дубора-талабон, калутапўшон, мўйлабгирон… ва бошқаларини нари қўйдук, хулоса, бечора ўн минг сўмлик мулкдор қарайдурки, иш бўлмайдур. Ўғул ва қизлар катта бўлуб турубдур. Тўй лозим, хатна, никоҳ, унинг орқасидан кети узулмас бир сурук маърака ва қоидалар лозим. Кўбдан чиқиб бўлмайдур. Бечора одам ўйлавға тушар. Тўй қилмоқ учун бир-икки таноб боғдан ва ердан сотса, кўзи қиймайдур. Тўй қилмаса, бўлмайдур...»

Ҳар ҳолда бу зўраки бойнинг боғию озроқ маблағи бор экан. Боғи йўқлар нима қилади?! Нима қилаётганини айтмасак ҳам ўзингиз кўриб, билиб турибсиз. Элдан қолмай деб, умр берган бўлса, амаллаб яшайди ёки... Хайриятки, бу муаммога ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётир. Йўқса, Беҳбудий айтмоқчи минг йиллардан бери «тўй қилмаса бўлмайдурғон» халқимиз яна минг йиллар «ўйлавға тушарди».