Жамият | 10:29 / 27.03.2018
26421
34 дақиқада ўқилади

Қайсарликдан фойда йўқ. Алифбо, имло эътибор ва ислоҳотга муҳтож

Фото: Pixabay

Нега инглиз ва бошқа хорижий тилларни ўрганаётганда 40дан ортиқ товушни ҳам чин юракдан ўрганамиз..? Ўз ОНА ТИЛИМИЗга келганда эса 3–4 ҳарф ёки товуш кўриниши ё шакли ўзгарса ҳам тоқатсизлик қиламиз?

Савол туғилади. Нега? Нега? Нега?

Дунёда бизга ўхшаган ўз тилини юқори санамайдиган, ўз тилининг мазмунини билмайдиган, ўз она тилини қадрламайдиган миллат бормикан, деб ўйлаб қоламан. Ўз тилининг муҳокамасини эшитиши билан «э-э» деб, юзини терс қилувчилар ҳам жамиятимизда афсуски, топилади. Уларни ким деб аташ сизга ҳавола. Ундайларни юзини тескари қилсин, деб сизни бироз тилимиз тарихига юзлантирсам (унлилар хусусида).

10 асрдан ортиқ фойдаланганимиз, эски ўзбек, яъни арабий ёзувда учта унли ҳарф (!) бўлган. Булар А, И, У холос. Халқимиз ҳам ўша пайтда «тилимизда 3та унли бор эканда» деб ўйлаб юришган экан. Ҳатто, У билан Ў ни битта, И ва Э ни битта, А ва О ни битта ҳарф ва товуш деб ҳисоблашган.

Ўша даврдаёқ тилимиздаги унлилар сони 3тадан кўплиги ва араб ёзуви ўзбек тилининг табиатини акс эттирмаслигини англаган давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур, ўзининг «Хатти Бобурий» ёзувини таклиф қилган. Бу ёзув анча қулай, ўзбек тили табиатига яқинроқ, арабий ёзув асосида эди. Лекин, ўша даврдаги «авом» ва диний мутаассиблар буни тушунмасдан Бобурнинг бу ҳаракатларини, ҳатто «шаккок»ликка йўйишганди. Афсуски, тилимиздаги товушларни тўкис акс эттиришга бўлган бундай тоқатсизлик ва ёв қараш жамиятимизда, тушунарсиз ҳолда ҳали ҳам бор. Бугун ҳам жамиятимизда шундай ташаббус эгаларини ўша даврдагидай «шаккок»ка чиқаришади.

Арабий ёзувни ўзига қабул қилган форслар эса, биздан фарқли ўз тиллари эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўзларида мавжуд бўлган бир нечта товушларни қўшишган. Натижада, ўз тиллари ўзлигини ҳозирги кунгача ҳам яхши сақлаб қолишган.

Ўтган асрнинг 20-йилларида, лотин ёзувига ўтиш жараёнларида унлилар масаласида тортишувлар бошланиб, «Тилимизда нечта унли бор?» деган савол ўртага ташланди. Ўша даврда ўзбек адабий тил учун асос қилиб олинган, энг кўп аҳоли сўзлашадиган Қарлуқ лаҳжасига тўхталиниб, унда нечта унли борлиги ўрганилди. Энг охирги вариант 9та унли танланган (унлилар ўша давр талаффузида максимал даражада кўрсатилган).

Кейинги ўзгартиришлар натижасида 1934 – йилда, кейинчалик аниқлик киритиш шарти билан шартли равишда аввал 8, кейин 7 ва 6тага туширилди (шошма-шошарлик билан). 1937 – йилда бу борада аниқ қадамлар ташланиб энди янги қоида, барча ўзлашган сўзларни ўзбек тилининг «темир қонуни»га бўйсундиришга асосланган, эътиборга молик, янги алифбо лойиҳаси тақдим этилди. Бу лойиҳа бошқаларидан фарқли ҳар қандай ўзлашма сўз ҳам биринчи навбатда ўзбек тили оҳангида турдош унли ёки ундошга мослашган ҳолда қабул қилинади. Айни пайтда бу тилимиз оҳангида «евро талаффуз» пайдо бўлишини олдини оларди (бу мавзуга кейинги мақолларда тўхталамиз). Лекин бу лойиҳа ҳам иккинчи жаҳон уруши сабаб тўхтаб қолган.

Бир марта эркин фикр юритамиз!

Бугун кимдан сўраманг, ўзбек тилида 6та унли бор дейди. Бу ўзига хос «норма» мактабдан миямизга қўрғошиндай қуйилган. Юқорида айтганимиздек, 1920 йилларгача эса халқимизда «учта унли бор» деган ақида ҳукм сурган. 1929-1934 йиллар оралиғида эса ҳамма 9 та унлига кўниккан эди. (тилимиз талаффузидаги барча унлилар максимал кўрсатилган). Бунда ёзув ва талаффузда бир хиллик, яъни қандай талаффуз қилинса шундай ёзиларди.

Лекин, яна қанақадир тушунарсиз сабаблар билан, бошқа туркий тиллардан фарқли унлилар 6тага туширилган. Бу, қардош тиллар ичида энг минимум кўрсаткич! Икки ҳатто уч хил унлилар, ҳатто икки хил ундош товушлар ҳам битта ҳарф билан ифодаланяпти. Бу тилимиз фонетик бойлигидан юз ўгириш, энг ачинарлиси бефарқлик эмасми? «Яна мураккаблик ортади, саводсизлик кўпаяди» дейсизми? Худдики, саводлилик ҳозир аъло даражада... Биз ёзувни содда бўлишини хоҳлаб аҳолида, жамиятда ҳам одамлар онгида ОНА ТИЛИмиз ёзувига нисбатан масъулиятсиз кайфиятни шакллантириб бўлганмиз. Натижада ислоҳот тугул, оддий лотин ёзувига ўтишда катта-ю кичик, амалдору ишчида «имловий журъатсизлик» руҳи пайдо бўлган.

Бу имловий масъулиятсизлик ва журъатсизликнинг асоси эса, ҳозиргача бошланғич синфлардан келажак авлод онгида шаклланмоқда. Марҳамат, мактаб ўқувчисида ҳарф ва товуш ўртасидаги фарқни ёки уларнинг ифодаланишини сўранг... 90-95% ҳолатда «2» баҳо қўясиз унга. Наҳотки, тилшуносларимиз ҳам 6та унли ва 23 ундош ҳарф қоидасидан бошқа ёққа ўта олишмаса? Балким, ошириб юборгандирман. Дарсликларда фақат битта ўринда қисқагина, «товушларни айтамиз ва талаффуз қиламиз, ҳарфларни эса ёзувда ифодалаймиз» шаклида қоидача бор, холос. Ўзбек адабий тилида нечта ҳарф ва нечта товуш мавжудлигини керак бўлса, олий таълим муассасаларидаги филолог талабаларнинг ҳам кўпчилиги билмайди.

Масалан, инглизлар 20та ва французлар 16та ўз тилларида унлилари борлигини билади ва ёзувда фарқлайди. Француз тилида эса 16 унли товушнинг ҳаммаси алоҳида кўринишда бўлса ҳам жаҳон тилларидан бири сифатида ўз ўрнига эга бўлишига халақит бермаяпти. Соддалаштириш масаласи эса режалаштирилмаяпти. Биринчи рақамли дунё тили инглиз тилида эса унли товушлар сони 20 (!) та. Бу фақат сиз учун 2тагина мисол холос.

Ёзув ислоҳоти саводсизликни чиқариши ҳақида икки оғиз сўз... Мисол учун француз тили 1990 йилда, немис тили 1901, 1944, 1996 йилларда, португал тили 1911 ва 1990 йилларда, рус тили 1918 ва 1956 йилларда, фламанд (недерланд) тили 1980, 1995 ва 2005 йилларда, япон тили 1900 ва 1946 йилларда, индонез (малай) тили 1942 ва 1972 йилларда, хитой тили 1950, 1982 ва 2009 йилларда, норвег тили 1905, 1907, 1917, 1938, 1941, 1981 ва 2005 йилларда ёзувларини ислоҳ қилишган. Лекин, ҳеч ким саводсизлашиб қолмаган ва бундан қўрқмаган.

Ўзбек тили ўтган асрда 3 марта ёзувини ислоҳ қилганини тилшунослар ва жамиятимизда ортиқча ваҳимага йўйиш нотўғри бўларди. Кемага кирганни жони бир дегандек, ўтган асрда собиқ иттифоқдаги бошқа туркий, тожик, славян ва бошқа тиллар ҳам ўз ёзувларини бир асрда уч марта ўзгартиришган. Худди бизга ўхшаб... Якунда эса, бизнинг жамоатчиликдаги кўника олмаслик, тушкунлик, ваҳима, ишонқирамаслик ва «имловий эринчоқлик», қабул қила олмаслик кайфияти уларда деярли кузатилмади. Қуёш ҳаммага бир хил нур сочишини инобатга олсак, биздаги «Саводсизлашиб қолиш» ваҳимаси ичимизда, «кириллга дастурланган» қотиб қолган миямизда бор холос.

Демакки, миллатнинг саводлилиги тилнинг алифбосидаги ҳарфларнинг кам ё кўплигида эмас экан. Фақатгина ўқитиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда тилнинг нуфузини ошириш, фуқаролик позициясида тилга нисбатан талабларни кучайтириш, давлат тилига сиёсий даражада аҳамият бериш, давлатнинг ўз чегараларидан ташқарисида тилнинг тарғиботи ва обрўсини ошириши керак экан, холос. Ҳеч қанақа саводсизлик ва қўрқувга ўрин йўқ, назаримда. Бу ҳаммаси, ислоҳотдан сўнг умумий тил қоидаларини ёзиб чиқиш бўйича масъулларнинг ўз масъулиятига боғлиқ. Масъуллар ва филолог олимларимиз бир нарсани билиб қўйиши шарт: кирилл алифбоси ҳам ҳозирги лотин алифбоси ҳам тилимиз фонетик табиатини очиб бера олмайди!

Энди мақсадга ўтсам...

Ҳозирги ўзбек адабий тили туркий тиллар ичида сингармонизм ҳодисасидан бироз йироқ. Лекин бу сингармонизм йўқ дегани эмас. Биз бугун икки хил чўзиқ ва қисқа, ажратиш қийин бўлган У, А ва Ў га тўхталмоқчи эмасмиз, керак ҳам эмас. Фарқи анча сезиларсиз. Шунчаки, аниқ оқ ва қорадай кўриниб турган икки хил товушни ифодалайдиган И, О, Ж ва В га тўхталмоқчимиз. Чунки, бу талаффузда ўртача саводли ўқувчини ва тил ўрганувчини жуда чалғитади. Айни пайтда товушлар маъно ҳам айирмоқда.

1) Ж — қоришиқ портловчи (жўжа) ҳамда сирғалувчи (журнал, аждод) жарангли товушларни ифодалайди. Эски ўзбек ёзувида ҳам, 1920-йиллардаги лотин алифбосида ҳам алоҳида икки хил ҳарф сифатида кўрсатилган. Негадир 1940-йилларда Собиқ Иттифоқдаги «кириллаштириш» сиёсати арафасида алифбомиздан тушириб қолдирилган. Иттифоқдаги қолган барча туркий, славян, кавказ ва тожик тилларида эса иккита алоҳида кўринишда, бутунлай алоҳида ҳарф ва товуш саналади.

1940-йилда кирилл ёзувига ўтиш бўйича алифбо лойиҳалари

 Ж товушлари учун

 

Янги алиф

Асосий лойиҳа

I лойиҳа

II лойиҳа

III лойиҳа

IV лойиҳа

V лойиҳа

Тасдиқланган

Ç

Ҷ

Җ

Чʼ

Дж

Ç

Дж

Ж

(жўжа)

Ƶ

Ж

Ж

Ж

Ж

Ж

Ж

Ж

(жирафа)

 

 

1993 йилги дастлабки ўзбек лотин алифбосида икки хил J j ва Ɉɉ кўринишида қоидалаштирилган. Лекин, яна негадир тилшуносларимиз 1995-йилларда «мозий»га қараб иш кўриб, яна ўша эски хатони такрорлашди. Бу икки мустақил товушлар яна бир-бирига «ёпиштирилди».

Бошланғич синф ўқувчисида сирғалувчи ҳақидаги билим етарли эмаслигидан, адабиётларда ҳам портловчи Ж – J тарзида ўқишади. Ўқувчиси катта бўлиб, ўзининг луғат бойлигини кўпайтиргандан кейин керакли ўринларда портловчи, кераклисида сирғалувчи қилиб ўқиши керак деган қоида борлиги ортиқча ва кулгили эмасми, азизлар? Демак, ўқувчи икки хил Ж – J ни тушуниш учун катта бўлиши керак эканда? Ажабо...

Бу амалда дунёдаги деярли бирорта тилда учрамайдиган «ноанъанавий», ғалати ҳолатни келтириб чиқарган. «Ўзимиз тушунсак бўлди-да» деган мантиқсиз ўйловдан узоқ туриб, ислоҳотда бу икки товушни иккита шаклга келтириш лозим. Мисол учун сирғалувчи Ж – J ни Ɉɉ ёки Ĵĵ кўринишига келтириш мумкин.

2). О – ҳарфи ҳам икки хил А товушининг чўзиқ кенг ([ɒ] - халқаро фонетик алифбодаги шакли) кўриниши (обод, Тошкент, оқ) ҳамда иккинчиси яъни, рус тили орқали тилимизда ўзлаштирилган, тахминан ўзбекча Ў га яқин (полк, код, вино, рол) товуш ([о] - халқаро фонетик алифбодаги шакли)ни беради. Иккинчиси, яъни ўтган асрнинг бошларида тилимизда мавжуд бўлмаган «евро» О кириб келди. Ўзбек тилида асосан, рус ва бошқа европа тилларидан ўтган сўзлар ва атоқли отларда учрайди.

Агар эътибор берилса, ўзбек тилидаги «миллий» О (обод, Тошкент, оқ) бошқа туркий тилларда йўқ. Уларда бу ўринда А товуши ёки чўзиқ А (ҳарф) қўлланилади. Амалда ҳам бу «миллий» О, А товушининг чўзиқ, кенг шакли. Кейинчалик бу товуш тилимиздаги араб ва форс тилидан ўзлашган, кенг А товуши иштирок этган ҳамма сўзларда О кўринишида қабул қилинган.

Шунинг учун ҳам бошқа туркий ва европа тилларда мавжуд бўлмаган, ўзбекча О товуши иштирок этган сўзлар, А кўринишида қабул қилинади. Масалан: Tashkent - Ташкент, Bukhara - Бухара, Tajikistan - Таджикистан, Babur – Бабур ва бошқа.

Айни пайтда бу икки товушни бир хил кўриниши тилимизда маъно ҳам ажратмоқда. Маъно билан биргаликда талаффузда икки хиллик ҳам пайдо бўляпти. Мисол учун, ўзимиз мустақил талаффуз қилиб кўрамиз. «ток» – электр токи ва «ток» – узум новдаси, «лом» – иш қуроли ва «лом» – лом – мим демаслик, «том» – йирик асарнинг қисмлари ва «том» – бинонинг ёпилган тепа қисми, «ром» – ичимлик ва «ром» – эшик ҳамда деразаларнинг тахтали қисми, «Сони» - япон фирмаси номи, «сони» – сон сўзининг III шахс эгалик қўшимчаси билан ёзилиши. Бунга ўхшаш мисоллар яна кўплаб топилади. Фарқланиш эса ҳатто шу ҳолатдаки, мисолларимизнинг биринчи қисми, чет тилларидан ўзлашган сўзларда О товуши ўзбек нутқида қисқа Ў га яқин талаффуз қилинади.

1928 йилда тасдиқланган қоидаларга кўра «евро» О ва ўзбекча Ў битта Оо ҳарфи билан ифодаланган. Бу қайсидир маънода ўзбек талаффузи оҳангига анчайин мос келади. 1940 – йилда кирилл ёзувига ўтаётган пайтда, мутахассислар томонидан аслида бир нечта алифбо вариантлари таклиф этилган. Асосий вариантларда мазкур ўзбекча О ни А ёки диакратик белги орқали қўллаш тавсия этилган.

1940 –йилда кирилл ёзувига ўтиш бўйича алифбо лойиҳалари

Унли ҳарфлар учун

 

Янги алиф

Асосий лойиҳа

I лойиҳа

II лойиҳа

III лойиҳа

IV лойиҳа

V лойиҳа

Ҳозирги кунда

Ө

Ө

ө

уʼ

ў

ө

ү

Ў

O

О

о

 

ў

о

у

Ў

A

О, А

ā

ā

ą

а

о

О

 

 

Демак кўришимиз мумкинки, ўзбекча О кўпроқ А нинг кенг шакли сифатида кўриниши А ҳарфига яқинлаштирилган. Агар эътибор берилса, форс ва араб тилининг лотин графикасидаги транскрипциясида бизнинг миллий О товушимиз â ёки ā кўринишида берилади.

[ɒ] – яъни ўзбекча О товуши ўзбек ва тожик тилларидан ташқари, норвег, венгр, словак, румин ва бошқа тилларида ҳам мавжуд бўлиб «А» ҳарфи билан ифодаланади ёки А товушининг кенг варианти деб қабул қилинган. Лекин, бу масалада, алифбомиз 70 йилдан кўпроқ вақтдан буён ўз «хотирасини йўқотиб қўйган». Яқин кунларда ислоҳ қилинаётган ўзбек лотин алифбосида бу икки хил унлиларни фарқлашга «мутахассислар»имизнинг кучи етади ва бу ноаниқлиқ тўғриланади деб умид қиламан.

Биз учун ўзбекча О (Тошкент, бола, Тожикистон) Ââ ёки Āā кўриниши ёзилиши мақсадга мувофиқ. Мисол учун Tāshkent, bāla, Tājikistān кўринишида ёзилиши ҳам биз учун қулай ҳам лотин ёзувининг ҳарфий фонетик кўринишига тўлиқ мос келади. «Евро» О эса ўз кўринишида қолиши керак.

Фарқлаш ҳам осонгина, биринчиси ўзбекча ва хорижий сўзлар, иккинчиси юқорида таъкидлаганимиз қисқа Ў га яқин оҳанг. Хўш, бунда биз нимага эришамиз?

Энг аввало ёзувимиз, халқаро андазалар ва дунё тиллари билан деярли бир хил стандартларга эга бўлади. Ҳамма учун тушунарли тилга айланади. Бирор жойда, бирор сўзни ҳам инглизча ҳам ўзбекча ёзилиши тўғри келса бир биридан кескин фарқ қиладиган икки хил кўринишда эмас, битта кўринишда ёзилиши мумкин. Масалан «Tāshkent» сўзи норасмий халқаро нормалар бўйича диакратик белгиларсиз ёки бошқа бирор тилдаги ўша, ўзбекча «О» товушни такрорласа ўша ҳолатда ўқилиши мумкин. Яъни, ўзбек ва бошқа «О лашган» тиллар «Тошкент» тарзида, автоматик равишда, «А лашган» тиллар «Ташкент» тарзида ўқиб кетаверишади. Бунда тилимиз ранг-баранглиги ортиб, халқаро жамоатда умумий шаклий ёзув стандартларига мослашади. Бу таржима масаласидаги турли қийинчиликларни бартараф этиб, ресурсларни иқтисод қилиш имконини беради. ЮНИКОД билан ишлашда ҳам бу борада қийинчилик йўқ.

Албатта, бизнинг ёзувимиз ўзимиз учун, хорижийлар тўғри ўқишига қулайлаштириш учун эмас. Лекин бу дегани, лотин ёзувининг ҳарфий фонетик қоидаларини билганча бураб янаям хунуклаштириш мумкин дегани эмас. Шундай экан, ислоҳот учун берилган имкониятдан тўғри фойдаланиб қолайлик!

3). Кейингиси ҳаммамиз аниқ кўриб, билиб туриб, лекин ўйлашни хоҳламайдиганимиз икки хил И – I ҳақида. Ҳа, ҳа баъзан ўйлаб қоламан. Ҳамма туркий тилларда, хусусан ўзбек тилида, ҳатто ўзбек тилининг учала лаҳжасида бор бўлган қисқа И тўғрироғи Ы нега алифбомизда ифодаланмаган. Агар эътибор берилса ўзбек адабий тили талаффузида И дан кўра қисқа Ы кўпроқ қўлланилади. Бу ҳам майли, савод чиқарадиган болага ҳеч бўлмаса И – I бу битта эмас иккита товушни ифодалаши тўғрисида нўноқ алифбеларимизда ҳеч нарса дейилмайди. Фақат битта нарса, И – I ҳарфи фақат битта, чўзиқ И – [ i ] ни ифодалаши қўпол тарза қоидалаштирилган. Энди тасаввур қилиб кўринг, бола «қизил», «бироқ», «бир», «тиғиз», «мени», «сир», «тин», «қир» каби сўзларни И нинг чўзиқ формаси билан талаффуз қиляпти... Сиз ҳам худди шу оҳангда айтиб кўринг-чи? Жуда ғалати эканми? Бу ҳолат, ўқувчида иккиланиш пайдо қилади.

Илтимос, шунчаки елка қисиб қўйишдан қочайлик. Ахир бу бизда, ОНА ТИЛИМИЗдаги, бошимизни деворга урсак ҳам қочиб қутула олмайдиганимиз Ы товушику! Нега ҳамма нарсага етган ақлимиз шунисига келганда оқсайди? «Ўзбек тилида фақат 6 та унли бор» деган эски, чала пишган эртакни, дангаса онгимиздан қачон чиқариб ташлаш лозим!

Энди, масаланинг яна бир томони борки ҳайрон қоласиз. Масалан «Қрим» сўзида бир унли қатнашгандек, амалда эса Қ ва Р ўртасида жуда қисқа Ы – [ ɨ ] (халқаро фонетик алифбода) келади (кейинги ўринларда қисқа И ни Ы кўринишида келтирамиз). Қардош туркий тилларда эса «Қырым» ёки «Qırım» кўринишида кўпроқ қоидалаштирилган. «Нима қипти шунга энди?» дейдиган шошма-шошарларимиз бироз ўпкасини босиб олсин... Унда нега тилимизда «қириб», «қириш», «кирим» сўзларида И ёзилади? Ахир талаффузда «Қрим»даги кўринмас бўғин каби бир хилку? Жуда ғалати ҳолат бир хил талаффуз, лекин икки хил қоида!

Ўз вақтида 1920 –йилларда лотин ёзувига ўтиш вақтида алифбомизда бу икки товуш алоҳида, алоҳида қоидалаштирилган. Яна ўша гап: 1940 йилда ҳурматли «филологларимиз»ни нимадир жин уриб қисқа Ы ни алифбога киритишмаган,

Баъзи славян тилшунослари фикрига кўра, рус тилида Ы – [ ɨ ] товуши ёндош туркий тиллар таъсирида пайдо бўлган экан. Қизиқ факт!

Нима бўлган тақдирда ҳам, бироз калламизни кўпроқ ишлатишга тўғри келса ҳам, тан олиш керак ўзбек тилида Ы – [ ɨ ] товуши бор ва алоҳида ҳарф кўринишида ифодаланиши шарт, шарт ва яна шарт!

Энди Ы – [ ɨ ] ни тилимиздаги чўзиқ шериги билан маъно ажратадиган жиҳатларига тўхталамиз. Масалан, «тир»(тыр) – тақлид сўз (тирилламоқ), «тир» (чўзиқ И) – пневматик ўқ отиш қуроли, «сим» (сым) – металл тола, «сим» карта – уяли алоқани қабул қилувчи модул, «Сони» - япон фирмаси номи, «сони» – сон сўзининг III шахс эгалик қўшимчаси билан ёзилиши, «жин» (жын) – диний адабиётларда салбий талқин қилинувчи мавжудот, «жин» – ичимлик номи. Бунақа мисолларни бир талай келтириш мумкин. Айниқса хорижий атоқли отлар билан ўзбекча сўзлардаги бу борадаги «ўхшашликлар» эса юзлаб топилади.

Хўш, бу бизга нима беради? Талаффуз ва ёзув уйғунлиги, тилимизнинг барча қирраларини максимал даражада кўрсата олиш, ўқувчида тўғри талаффуз қоидаларини ўрганишни қулайлаштириш, тилимиз орфоэпик табиатини юзага чиқариш ва охири биз кўникканимиздан кейин икки хил товушни фарқига бориш имконини беради.

4). Охирги тўртинчи ҳарфга тўхталмай иложимиз йўқ. Бу В – V!
«Яна нимани ихтиро қилмоқчисан?», «Жуда майдалашиб, алифбони қийин қилмаслик керак» дейишингиз табиий. Албатта, сизни тушунаман. Аввалги мақолаларимда айтганимдек, биз учун 20 та унли ва 24 та ундош товушли инглиз тили ёки грамматикаси қийин бўлган рус тилини ўрганишдан кўра, ўзбек тилини ОНГЛИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ жуда мушкул вазифа. Шундай эмасми?

Демак мақсадга ўтаман. Маълумки, биз билган В – V жаранги ундош товуш ва алифбодаги Ф – F нинг жарангли «шериги»дир. Мисол учун, «варрак», «вертолёт», «Азизов», «Абдуллаева», «шовинист» кабиларда худди сиз ва биз ўйлагандай кам кўстсиз. Унинг жарангсиз шеригини унинг ўрнига кўйиб кўрингчи. Тўғри келади. Лекин, эс-ҳуш ва чидай олмайдиган дийдамизни бир жойга қўйиб ўйлайликчи...

«Ўтов», «ов», «товуш», «косов», «овқат», «келишув» каби сўзлардаги В – V ни жарангсиз «шериги» Ф – F деб тасаввур қила оласизми? Масалан, ўзбек тилида сўз охирида келган жарангли товуш жарангсизлашишини биламиз. Оддий, фамилиялардаги жарангли В – V товуш жарангсизлашяпти. Лекин «Ўтов», «ов», «товуш», «косов», «овқат», «келишув»ларда эса жарангсизлашмасдан чўзиқ У – U га айланяпти. Нега биласизми? Чунки бу ЯРИМ УНЛИ ФОНЕМА!

Ҳа, ҳатто баъзи тилшуносларни хаёлига ҳам келмаган гап бўлди, биламан. Илмий далиллар, исботлар талаб қилиниши турган гап. Менимча, бу нарса ҳар куни қуёш шарқдан чиқиб, ғарбга ботишини илмий асослаш шарт бўлмаганидай амалда бор-у, лекин эътиборсиз ҳолат. Таъбир жоиз бўлса «справка» шарт бўлмаган далил. Янаям, аниқроғи «белгиси йўқ етим товуш».

«Хўп нима қипти?» дейишингиз мумкин. Масалан, инглиз ва бошқа европа тилларида ярим унлилар деб аталган товушлари мавжуд (Масалан W ва Y ҳарфлари кўпинча шу товушларни ифодалайди). Нега дейсизми? Чунки, ярим унли ўзбек тилида бўлгани каби, уларнинг ҳам она тилларида бор. Фарқи эса битта. Биз билмаймиз, қабул қилиш биз учун ўлим билан баробардай. Улар эса ҳамма товушларини майда чуйдасигача ўз ўрнига қўйишади. Тилга, тўғрироғи ОНА ТИЛИга бўлган эътибори улардан ўргансак бўлармиди, дейман баъзан.

Нима бўлганда ҳам тилимизда [W]  товуши борлигини орланмасдан, «уфф» тормасдан тан олиш лозим ва бу товуш ўз ҳарфига ҳам эга бўлиши керак. Бу тилимизнинг ранг баранглигини, асл табиати, оғзаки нутқ билан тўлиқ уйғунлашиши ва атоқли отлар, дунёнинг хоҳлаган тилига шакл шамойили ўзгармасдан мослашишига олиб келади. «kelishuw», «tuwak», «Mawluda» кўринишида айнан ёзишни нима ноқулайлиги бор? Иккинчи томондан ўзлашма сўзлар имлосида эса умумий шаклий кўриниш ҳосил бўлади. Windows, Krosword ва бошқа.

Бу борада, она тилидаги ҳар бир товушни бошига кўтарадиган бошқа туркий қардошларимиздан ўрнак олсак арзийди. Уйғур, қозоқ, қирғиз, туркман, татар, қорақалпоқ ва бошқа тилларда бу товуш алоҳида ҳарф билан кўрсатилган.

Яна ўша савол. Бу бизга нима беради? Чет тилларидан ўзлашган, тилимиз табиатига мос келса-да, зўрма зўраки, ўйламасдан «руслаштирилган» сўзларни қулайлаштириш имконини беради. Маълумки, рус тилида айнан ё В ё У ҳарфлари бор ва бир-бирини такрорламайди. Ундан фарқли ўзбек тилида В, У ва яна ўртада миямизни фарқламасликка «программалаштирганимиз» [W] товуши бор. Тилимизда асосан, инглиз, араб ва бошқа тиллардан кириб келаётган сўзлардаги [W] товушини руслар ўзларига мослаб ё В ёки У билан ёзишни қоидалаштирган. Бизда ва бошқа европа тилларида бўлган, лекин рус тилида бўлмаган [W] товушини айнан ўзи борку!

Нега имло ва талаффузимизни бировларни «оғзига қараб» қоидалаштиришимиз керак? Ёки ўзбек тили учун, мослаштириш лозим бўлган «кумир» тил борми? Ёки шунчалик хориж тиллари билан алоқа қила олмайдиган камбағалми ўзбек тили? Ёки 1989 йил 21 октябрдан бери аравани қуруқ олиб қочаётган филолог олимларимиз биз мустақил бўлганимизга, ҳалиям лисоний мустақилликка кўника олмаяптими? Балким, тилшуносларимиз ўз-ўзини цензура қилишдан қутула олмаётгандир? Ёки бизнинг алифбо ва имломизга нисбатан либерал кўз билан қарай олмаяпмизми? На, ўз товушларимизни тўғри жой-жойига қўямиз на, ўзлашма сўзлар имлосига масъулият билан ёндашамиз?

«Далтонизм» ҳақида

Африка ва Осиёнинг баъзи миллатлари ва қабилаларини олимлар ўрганишганда ғалати ҳолатни аниқлашган. Яъники, маҳаллий тилда кўк ва яшил, қизил ва пушти, сариқ ва зарғалдоқ, қора ва жигарранглар учун битта сўз ишлади. Мутахассислар уларда ирсий далтонизм касаллиги бор деб тахмин қилишган. Чунки, учта та кўк ва битта яшил қаламни кўрсатиб маҳаллий халққа «Бу ерда қайси бири бошқача?» деб сўрашса, «Ҳаммаси бир хил» деб жавоб беришган. Бу кўк ва яшил, қора ва жигарранг тўғрисидаги саволда ҳам такрорланибди. Яъни, улар икки хил рангни бир биридан ажрата олмаган.

Аммо, кейинги тадқиқотлар, маҳаллий аҳоли рангларни тўлиқ ажратишини кўрсатган. Фақат ўз тилларида пушти, яшил, зарғалдоқ ва пушти рангларни англатадиган сўз бўлмагани учун икки хил рангни бир хил аташган. Мутахассислар қабила оқсоқолларига ҳамма рангни ўз номи ва фарқи борлигини айтиб, тўртта ранг учун сўз таклиф қилган. Қабила эса, бошида бунга қарши чиққан. Уларнинг иддаосича, «Фарқи бўлсаям, фарқласак ҳам майли лекин биз учун бу икки хил ранглар бир сўз билан аталаверсин» деб қарши бўлишган.

Шунда ҳам, барибир бир неча йилдан кейин, қабила тилида пушти, зарғалдоқ, яшил ва жигаррангни англатадиган сўзлар ўз ўрнини топиб, алоҳида аҳамият касб эта бошлабди.

Шунақа «далтоник лексикали» тиллар, дунёнинг барча қитъаларида топилади. Ҳатто, европада ҳам яқин тарихда икки ё, уч хил ранглар учун бир сўз ишлатишган. Вазият эса юқоридагидек. Кўзлари кўрса ҳам, ажрата олса ҳам, тўлиқ фарқлай олса ҳам, кўриб била туриб, кўрмаслик тамойилини маъқуллашган. Бугунги уларда ҳам бошида кўника олишмаган рангларининг алоҳида ўз номи бор.

Адабий тилимизда эса бугун имловий ва фонетик далтонизм ҳукм сурмоқда. Билсак ҳам, фарқласак ҳам таълим тизими ва дарсликлардаги нўноқликлар жамиятни «эски ҳаммом, эски тос» кўринишида, тафаккур даражамизни ўртачадан ҳам пастга туширмоқда.

ОНА ТИЛИМИЗДА ҳам бир неча хил товушлар ва уларни фарқлашни хоҳламаслик кайфиятини худдики, африка қабилаларининг рангларни кўриб кўрмасликни хоҳлаш истагига ўхшатиш мумкин.

Яна мавзуга: ислоҳотдаги қўрқувга солувчи ваҳималар

«Яна саводсизлик бошланади» баҳонасини, азизлар, сийқаси чиқиб кетган. Негадир, 1940 йилда шошма-шошарлик билан ўтилган бўлса-да, кирилл алифбосида ҳеч ким саводсизлашмаган. Негаки, ўшанда кирилл ёзувининг кучли сиёсий тарғиботи шунчалик эдики, тўлиқ ўтишга II жаҳон уруши ҳам халақит қила олмаган. Бугун эса зиёлилардан тортиб бошқа онгли жамият аъзосигача тилимизни ҳимоя қилишда ВАТАНПАРВАРлик етишмайди.

Қайтараман, фақат биз эмас, Собиқ иттифоқда 30 дан ортиқ миллат ҳам 2-3 марта ёзувини алмаштирди. Лекин, бизга ўхшаб «саводсизлик» баҳонаси билан қўрқиб, ўзини йўқотиб, тилига дийдасизлик қилгани йўқ. Ҳозир, биз ҳам, улар ҳам саводлику.

«Эски адабиётлардан узоқлашиб келади» баҳонаси ҳам дангасалар томонидан ўйлаб топилган чўпчак. Ўша эски адабиётни ҳозирги ёзувга ўгирсангиз ҳам, хоҳламаган одам ҳеч нарса ўқимайди.

«Зиёлилар»имизнинг яна бир баҳонаси «Ёзув мураккаблашиб кетади»... Ўрта Осиё халқлари 1920 йилларгача 10 аср араб ёзувидан фойдаланганда, бу борадаги мураккабликлар ва бошқа ноқулайликлар ҳеч кимни безовта қилмаган экан-а. Ҳатто, фақат арабча сўзлар учун ишлатиладиган уч хил Х ва Ҳ, тўрт хил С, уч хил З, икки хил Т ни ўрта асрлардаёқ ҳамма фарқлаб, ноқулайлик сезишмаган экан. Аксинча ёзувни масъулият билиб ўрганган. Биз эса ўз тилимиздаги сиз фарқлайдиган товушларни бизга, келажак авлодга қулай бўлсин, деб ўз ўрнига қўймоқчимиз холос!

«Янги грамматик қоидаларни ишлаб чиқиш»... мушкул бўлиши рост. Лекин, тилимизнинг равнақи ва асл табиатини намоён қилиши учун тилшуносларимиз ўз фидойиликларини кўрсатиши ҳамда «чала имло»ни ўзгартиришлари лозим. Бунда Ҳукумат даражасида ишчи гуруҳи тузилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилиши керак бўлади.

«Китобларни қайта нашр этиш»... Бугунги кунгача ҳам охирги 20 йилда, асосий адабиётлар кирилл алифбосида нашр этилди. Лотинча нашрлар эса унчалик ҳам кўп эмас. Асосийси ҳам дарсликлардир. Лекин, дарсликлар ҳар 3-4 йилда тинмай янгиланиб турибди. Яна, XXI ахборот технологиялари асрида, нашрларни кириллдан лотинга ўгириш битта тугмали, бир неча сонияли иш эканлигини унутмасак бўлди.

«Янги қоидалар бўйича ўқувчи ва кадрларни қайта тайёрлаш» масаласининг ечими ўзимиз ва фидойилигимиз! Бу муаммони қисқа муддатда ҳал этадиган қуйидаги таклифларни илгари сураман:

Албатта, бунда биринчи навбатда, тил сиёсатига ҳукумат даражасида ҲАҚИҚИЙ ЭЪТИБОР талаб қилинади;

Иккинчидан, ОАВ бу борадаги тарғиботда фаол иштирок этиши лозим. Ўзлари ўрнак бўлиб биринчи навбатда ислоҳ қилинган алифбодан фойдаланиши лозим;

Учинчидан, «катта авлод» учун қулай қўлланмалар чиқарилиши лозим. Мисол учун, ёнида олиб юриш учун «чўнтак брошюралари», мобил иловалар, компьютер дастурлари ва ҳоказо;

Тўртинчидан, янги ислоҳ қилинган алифбо асосидаги имло луғатининг электрон кўринишини барча учун бепул фойдаланиши учун очиқ қилиш;

Бешинчидан, ижтимоий тармоқларда бу борадаги тарғибот гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш лозим.

Олтинчиси, зиёлиларимиз ва филолог педагоглардан иборат ишчи гуруҳлари томонидан жойларда чекка ҳудудларда бир кунлик курслар ташкил этишни йўлга қўйиш.

Еттинчиси, ташқи реклама, эълонлар, чоп этилаётган брошюра ва бошқаларда давлат тили имло қоидаларига тўлиқ риоя этилишини қатъий назоратга олиш ҳамда бу бордаги тегишли маъмурий чораларни назарда тутиш лозим.

Охирги саккизинчиси, ижтимоий рекламалар ва 15-20 дақиқали давомли теледарслар кўрсатилиши керак.

«Катта харажатлар» бўлиши рост. Лекин, бугун алифбо ислоҳ этилиб, эртага ҳамма нарсани ўзгартиришни сўрамаймиз. Бу жараён камида 2-3 йил ичида босқичма-босқич амалга оширилади. Натижада, бирданига ҳамма соҳаларга оғирлик тушиши олди олинади. Энг муҳими бугунги Алифбо ислоҳоти, Навоий ва Бобур тили, эртанги кунимиз, фарзандларимизнинг камоли учун киритилган ИНВЕСТИЦИЯДИР!

Тўғри, тилнинг имло ва алифбо ислоҳоти енгил жараён эмас. Лекин, ҳозир ислоҳот учун имкониятдан унумли фойдаланмаслик, бу масалага пажара ортидан, оғир юкдай қараш ОНА ТИЛИМИЗ ўтмиши, бугуни ва келажагига қилинган хиёнатдир!

Хўп, унда сиз нимадан қўрқаяпсиз?

М.УСМОНОВ,

Ўзбек тили алифбоси ва жорий имло қоидаларини

такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш

бўйича Республика Ишчи гуруҳи аъзоси, социолог

Мавзуга оид